Эрдўғон ШҲТдаги иштироки учун Европа Иттифоқига ҳисоб бермоқчи эмас

Улашиш:

Расмий Анқара Самарқандда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитида иштирок этгани учун Европа Иттифоқига (ЕИ) ҳисобот бериш ниятида эмас. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон PBS телеканалига берган интервюсида айтиб ўтди, деб ёзади Туркиянинг Yeni Şafak газетаси.

«Европа Иттифоқи бизни ўзига яқинлашишга имкон бермайди ва яна: «Нега у бу давлат билан учрашди, нега бошқаси билан учрашди?» деб сўрайди. Биз ҳозирда Европа Иттифоқи олдида жавобгар эмасмиз», — деди Туркия раҳбари.

У ШҲТ саммитида Хитой раҳбари Си Цзиньпин, Россия президенти Владимир Путин, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан учрашганини қайд этди.

«Мен барча давлатлар билан музокаралар олиб бормоқдаман. Чунки биз ҳаммамиз бу дунёнинг бир қисмимиз. Европа Иттифоқига аъзо давлатлар билан учрашувлар ўтказганимизда «Нега улар билан учрашдингиз?» каби саволлар келмади», дея таъкидлади у.

Аввалроқ Эрдўғон Туркиянинг ШҲТга аъзо бўлиш мақсадини ҳам маълум қилганди. Бунга жавобан Европа Иттифоқи Анқарадан ташқи сиёсатини Брюссел билан мувофиқлаштиришга чақирди. Туркия 1999 йилдан бери Европа Иттифоқига номзод саналади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.