Пшоғордаги тизимли муаммоларга ечим топилмоқда

Улашиш:

Бугун Зомин туманидаги 5-мактабда ҳудуд фаоллари, ёшлар ва жамоатчилик иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишни ДХА Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғи Б.Умурзаков бошқариб борди. Айни пайтда тумандаги «Ёшлик», «Пшағор», «А.Навоий», «Юксалиш», «Қўштол» ва «Ширин»  маҳаллаларида мавжуд муаммоларни аниқлаш, аҳоли бандлиги, тадбиркорлик, кредит ажратиш масалалари юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

 

Шу билан бирга туман аҳолисининг чорва молларини ўтлатиш учун яйловлар борасидаги муаммо мавжудлиги маълум бўлди. Шу мақсадда вилоят “Қоракўлчилик” уюшмаси раҳбарияти ҳам мазкур йиғилишга таклиф этилди. Фуқароларга қишлоқлар атрофидаги яйловлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ҳолати ёмонлашиб кетишига йўл қўймаслик, майда шоҳли наслдор молларни кўпайтириш борасидаги тизимли масалалар юзасидан тушунтириш берилди.

Шунингдек, 20 нафардан ортиқ “Пшоғор” қишлоғи ёшлари учун “Zomin Samsung”  корхонаси томонидан иш ўринлари яратиладиган бўлди. Йиғилишда корхона вакиллари ходимларга яратилган шароитлар ҳақида маълумот бердилар.

“Пшоғор чопонлари экспорт қилинади”

Айни вақтда ушбу ҳудуд аёлларининг аксарият қисми чопон тикиш билан шуғулланади. Лекин улар томонидан ҳафтасига қўл кучи ёрдамида 2-3 та чопон тикиб сотиш мумкин. Ҳозирда ҳудуддаги аёллар томонидан тикилган чопонлар Хитойнинг Урумчи провинциясига қадар етиб бораяпти. Бироқ улар ягона бренд ва маркировкаланмаганлиги натижасида бу маҳсулотлар қўлдан-қўлга ўтиб, асосий даромадни чопончилар эмас балки ўртадаги воситачилар кўрмоқда.

 

Мазкур масала учун ижобий ечим топиш мақсадида “Халқ банки”нинг туман бўлими вакилларига махсус кластер ташкил этиш юзасидан таклиф берилди. Эндиликда қишлоқ аёллари ҳар жума куни бўладиган бозорга маҳсулот тайёрламайди. Ушбу кластер уларнинг муаммоларини ҳал қилади. Яъни чопон учун зарур маҳсулотлар мато, игна, ип  ва бошқаларни уларга бепул етказиб беради. Аёллар эса тайёр маҳсулотни кластер омборига топширгач меҳнат ҳақларини олиб, янги буюртмаларни тайёрлашга киришади.

Шу куни фуқароларнинг банк кредитлари билан боғлиқ муаммолари юзасидан мурожаатлари қабул қилиниб, уларга ечим топиш бўйича тижорат банкларига кўрсатмалар берилди.


ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.