Ўзбекистонда 21 ёшга тўлмаганларга алкогол ва тамаки маҳсулотларини сотиш тақиқланади

Улашиш:

Ўзбекистонда 21 ёшга тўлмаган шахсларга алкогол ва тамаки маҳсулотлари сотиш тақиқланади. Шунингдек, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари пештахталарига тамаки маҳсулотларини жойлаштириш ва намойиш этишга тақиқ қўйиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақида парламентнинг қуйи палатаси хабар бермоқда.

Ҳозир сиёсий партияларнинг парламентдаги фракциялари ўзларининг ички мажлисларида тез орада ялпи мажлисда кўриб чиқиладиган "Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ва истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида" ги қонун лойиҳасини ўрганишмоқда.

Янги ҳужжат алкогол ва тамаки маҳсулотларини сотиш учун ёш чегарасини 20 ёшдан 21 ёшгача оширади, таъминот ва тарқатишга махсус талаблар қўяди. Алкогол ва тамаки маҳсулотларини сотувчи 21 ёшдан кичик кўринган харидордан унинг шахсини ва ёшини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилиши, ҳужжат бўлмаган тақдирда эса – сотмаслиги шарт бўлади.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида савдо ва хизмат кўрсатиш обектлари пештахталарига тамаки маҳсулотларини жойлаштириш ва намойиш этишга йўл қўйилмаслиги назарда тутилган. Никотин снюслари ҳам тамаки маҳсулотлари сифатида таснифланади.

Шу билан бирга эслатиб ўтиш жоизки, “Миллий тикланиш” партияси электрон сигаретларни тақиқлашни таклиф қилган. Унинг раҳбарининг айтишича, Ўзбекистон ҳудудида электрон сигаретларга тақиқ белгиланмаса, партия бу қонунга қарши овоз беради.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.