Мен ердаги жаннатни расмда акс эттиришим мумкин, лекин ҳукуматга хушомад қила олмайман. Таниқли рассом Inkuzart ўз асарлари ҳақида сўзлаб берди

Мен ердаги жаннатни расмда акс эттиришим мумкин, лекин ҳукуматга хушомад қила олмайман. Таниқли рассом Inkuzart ўз асарлари ҳақида сўзлаб берди

Яқинда таниқли пойтахтлик рассом Inkuzart Ўзбекистон автосаноатининг монополиясига бағишланган граффитини яратди. Бу расм ижтимоий тармоқларда катта шов-шувга сабаб бўлди.   Афсуски, икки кун ҳам ўтмай, бу   расм пойтахт ҳокимлиги томонидан йўқ қилинди.

Лекин санъатни йўқотиб бўлмайди, халқнинг хотирасидан   кетмайди. Қолаверса, Интернетни девор каби оқлаб   қўйишнинг иложи йўқ. Бу ҳақда Inkuzart ўзи нима фикрда эканлигини билиш учун унга бир нечта савол билан мурожаат қилиб кўрдик.

 Сизнинг асарларингиз ҳуқуқбузарлик эканлигини тушунасизми? Сиз ҳукумат билан онгли равишда низога бораяпсиз. Бу муаммога эътиборни қаратиш йўлими?

– Стрит арт – бу озодлик. Мен ердаги жаннатни расмда акс эттиришим мумкин, лекин ҳукуматга хушомад қила олмайман. Кўчадаги деворда расм чизиш ноқонунийдир, лекин халқ нидоси менинг қўрқувимдан устун туради.

Мен қонунга итоаткор фуқароман. Менинг танқидий расмларим асосланган ва яхшиликка йўғрилган, зеро танқидсиз ривожланиш бўлмайди. Расмларим нафақат танқидга, балким мотивация ва миллий ғурурга қаратилган.

– Ижод учун сюжетларни қаердан оласиз?

– Мен ўз Ватанимни севаман. Бошқа давлатларга нисбатан Ўзбекистон том маънода жаннат. Мени кишилар илҳомлантиради.

– Ўз ишларингиз учун жойни қандай топасиз? Қайси пайтда ижод қиласиз? Наҳотки бунга ҳеч ким эътибор бермаса?

– Ғоя пайдо бўлиши биланоқ, жой излайман ва тундан эрталабгача расм чизаман. Айрим пайтда тунда ёнимга биров келиши мумкин, лекин ҳамма хурсанд бўлади. Милиция ходимлари ҳам келиб туради. Улар ҳам ҳар хил муносабатда бўлади. Айримлари мақтаса, бошқалари бўлимга олиб кетмоқчи бўлади.

– Асарларингиз пойтахт ҳокимлиги томонидан атайин ўчириб ташланаётгани ҳақида нима дейсиз?

– Ўчириб ташланаётганидан албатта афсусланаман, лекин тўғри қабул қилишга ҳаракат қиламан. Расмни ўчириш билан ҳақиқатни яшириб бўлмайди.

– Юзингизни қачон ошкор қиласиз?

– Ҳеч қачон)