Ўзбекистонда талабаларнинг қишки таътили 24 январгача узайтирилди

Улашиш:

Ўзбекистондаги Олий таълим муассасаларининг талабалари, академик лицей ва ҳунар мактаблари ўқувчилари учун қишки таътил муддати 24 январгача узайтирилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон олий таълим тизими тарихида илк маротаба – ректорлар, проректорлар, деканлар ва молия масалаларига масъуллар учун ўз касбий маҳоратини ошириш, янгича тартибда ишлашни бошлаш мақсадида 2022 йил 10—24 январь кунлари амалий семинар-тренинглар ташкил этилади.

Шу билан бирга, олий таълим муассасалари кредит-модуль тизимига тўлиқ ўтгани сабабли кафедра мудирлари ва профессор-ўқитувчилари учун асосий ишдан ажралган ҳолда ўқувлар барча олий таълим муассасаларида ташкил этилади. Бу жараёнга олий таълим муассасалари ҳузуридаги барча профессионал таълим муассасалари ҳамда академик лицейлар раҳбарлари ҳам жалб этилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, 2021/2022-ўқув йилининг иккинчи ярмини тўлиқ ва пухта тайёргарлик кўрган ҳолда бошлаш мақсадида олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицей талаба-ўқувчилари учун қишқи таътил муддати 2022 йил 24 январга қадар узайтирилган.

«Ўз навбатида, қишки таътил даврида олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицейлар талаба-ўқувчиларининг вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида олий таълим муассасалари ректорлари ҳамкорлигида онлайн фан олимпиадалари, интеллектуал викторинлар ташкил этилади», — дейилади хабарда.

Шунингдек, талаба-ўқувчиларга ўз уйларидан таълим муассасаларига қайтишларига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида авиа ҳамда темир йўл чипталари тариф қисмидан 50 фоиз миқдорида чегирма берилиши муддати ҳам 2022 йилнинг 24 январига қадар узайтирилган.

«Ва асосийси – 2022 йилнинг 11 январигача бўлган муддатга харид қилинган авиа ва темир йўл чипталари бепул тарзда тегишли муддатга алмаштириб берилади», — дея қайд этилади хабарда.

Мазкур масалаларни мувофиқлаштириш мақсадида вазирликда Махсус штаб ташкил этилган бўлиб, барча ташкилий масалалар юзасидан қуйидаги ишонч телефонларига (10-06, 71-246-97-45, 71-246-28-63) мурожаат қилиш мумкин.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.