Сенат атроф-муҳитни ҳаддан ташқари ифлослантирадиган корхоналар фаолиятини тўхтатиш шартларини белгилаб берган

Улашиш:

Сенат атроф-муҳитни ҳаддан ташқари ифлослантирадиган корхоналар фаолиятини чеклашда ўзбошимчалик билан талқин қилиш ва коррупция ҳолатларини олдини олиш учун экология тўғрисидаги қонунларга аниқлик киритган.

Куни кеча Ўзбекистон сенаторлари "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида", "Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида" ва "Экологик назорат тўғрисида"ги қонунларга ўзгартиришлар киритувчи қонунни кўриб чиқишган ва маъқуллашган. Ўзгартиришлар зарурияти қурилиш, ишлаб чиқариш ва урбанизация кўламининг кенгайиши, шунингдек, шу асосда табиий муҳитга ифлослантирувчи моддалар чиқиндиларининг кўпайиши билан асосланган.

Мавжуд қонунлар атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатадиган объектлар фаолиятини чеклаш ёки тўхтатиб туриш имкониятини беради. Ваколатли давлат идораларининг қарори билан корхоналарнинг иши 10 иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатилиши ёки чекланиши мумкин. Шу билан бирга, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қонунчилигидаги ноаниқ талқинлар коррупция омилларининг пайдо бўлиши учун асосдир.

"Бундай вазият турли муаммоларни, тушунмовчиликларни, норозиликларни ва энг ёмони – коррупция ҳолатларини келтириб чиқариши мумкин. Шу нуқтаи назардан, ушбу тузатишлар жуда муҳимдир. Чунки мамлакатимизда саноатлаштириш даражаси ҳар йили ўсиб бормоқда. Бундай шароитда экологияга таъсир доираси ҳам ошади. Айниқса, бугунги кунда Тошкент каби йирик шаҳарларда аниқ ҳуқуқий нормалар ҳавонинг ифлосланиш даражасидан ошиб кетишининг олдини олишда катта аҳамиятга эга", – деди Сенат раиси Танзила Норбоева.

Шундай қилиб, юқоридаги қонунларда “аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига бошқа реал таҳдид” ибораси "атроф-муҳитнинг ҳаддан ташқари ифлосланиши туфайли аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига таҳдидлар" жумласи билан алмаштирилади. Сенаторларнинг фикрича, "бошқа реал таҳдид" тушунчаси давлат идоралари вакилларининг шахсий хоҳишига кўра талқин қилиниши ва қўлланилиши мумкин бўлган умумий ноаниқ тушунчадир.

Экология вазирлиги маълумотларига кўра, мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, ўтган йили республикадаги 284та корхонанинг 552та манбасидан атмосфера, сув ва тупроқнинг ифлосланиш даражаси меъёрдан ошиб кетган. Бундан ташқари, 98та ташкилотнинг 269та манбасидаги ифлосланиш даражаси мунтазам равишда меъёрдан ошиб кетганлиги аниқланган. Бу атроф-муҳитнинг ёмонлашишига, фуқароларнинг ҳаётига салбий таъсир кўрсатишига, шунингдек фуқароларнинг норозилига олиб келади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.