Экология вазирлиги Тошкентнинг уч туманидаги 160 та корхонага чанг ва газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш мажбуриятини юклаган

Улашиш:

Экология вазирлиги Тошкентда атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи корхоналар фаолиятининг экологик мониторингини ўтказган. Текшириш натижаларига кўра, пойтахтнинг учта туманидаги 160 та корхона чанг ва газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш талаби билан огоҳлантириш олган.  

Текширув Тошкентнинг Чилонзор, Сергели ва Янгиҳаёт туманларида ҳаво ифлосланиши даражаси ошиши муносабати билан ўтказилган. Мониторинг натижаларига кўра, Чилонзор туманидаги 70 та корхонага чанг ва газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш тўғрисида огоҳлантириш хатлари юборилган. Сергели туманидаги 68 та корхона ва Янгиҳаёт туманидаги 22 та объект ҳам худди шундай огоҳлантиришлар олган.

Уларнинг барчаси атроф-муҳитга таъсир қилишнинг I ва II тоифаларига тегишли объектлардир. Улар орасида бетон, ун маҳсулотлари, керамик плиткалар, тўқимачилик ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилари бор.

Шунингдек, вазирликнинг маълум қилишича, 12 январь ҳолатига кўра, пойтахтнинг 42 та корхонаси экологик тадбирлар режасини тақдим этган. Улар атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш, атмосфера чиқиндиларини назорат қилиш, чиқиндиларнинг пайдо бўлиши ва жойлашишини назорат қилиш, очиқ сув ҳавзаларига ташланган оқава сувларни тартибга солиш бўйича 2700 дан ортиқ лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда. 2581 та лойиҳага ижобий хулоса, 50 та лойиҳага эса салбий хулоса берилган, яна 132 та лойиҳа қўшимча ишланмоқда.

Эслатиб ўтамизки, Сенат атроф-муҳитни ифлослантирадиган корхоналар фаолиятини чеклашда ўзбошимчалик билан талқин қилиш ва коррупция ҳолатларининг олдини олиш учун экология тўғрисидаги қонунларга аниқлик киритган.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.