Жонли эфирда урушга қарши намойиш билан чиққан Россиянинг «Биринчи канал» муҳаррири Марина Овсянникова ишдан бўшади

Улашиш:

Тўғридан-тўғри эфирда Украинадаги урушни тўхтатишни талаб қилган Россиянинг «Биринчи канал» ходимаси Марина Овсянникова ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзди. Бу ҳақда Овсянникованинг адвокати Сергей Бадамшин маълум қилди.

Адвокатнинг сўзларига кўра, ариза канал таҳририяти сиёсатига қўшилмагани сабаб ўз хоҳишига кўра ёзилган.

14 март куни «Биринчи канал» ходимаси қўлида плакат ушлаган ҳолда тўғридан-тўғри эфирда орқа пландан туриб қисқа вақт давомида Украинадаги урушни тўхтатишни талаб қилган. Шунингдек, журналист ижтимоий тармоқларда видеомурожаат йўллаган ва икки биродар халқнинг тичлик келишуви имзолаши зарурлигини қайд этганди. Кремль ушбу ҳаракатга «безорилик» деб таъриф берган.

Акциядан олдин Овсянникова видеомурожаат ёзиб, Украинадаги урушга қаршилигини билдирган. «Украинада ҳозир содир бўлаётган нарсалар — бу жиноят. Ва Россия — босқинчи-давлат. Ушбу босқинларга фақат бир киши жавобгар. Бу инсон — Владимир Путин», — деган у.

15 март куни Москва Останкино суди Овсянниковани жиноят кодексининг тегишли моддаси бўйича айбли деб топган ва унга нисбатан 30 минг рубль жарима жазосини тайинлаган. Суддан кейин Овсянникова полицияда уни 14 соат давомида сўроқ қилишгани, аммо юридик ёрдам олиш ва яқинлари, оила аъзолари билан суҳбатлашишга шароит яратиб беришмаганини айтган. Журналист ушбу ҳаракатидан кейин уни қўллаб-қувватлаган ҳаммага миннатдорлик билдирган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.