Қашқадарёда 114 ёшли момога туғилганлиги тўғрисида гувоҳнома берилди

Улашиш:

Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида 114 ёшли момога туғилганлиги тўғрисида гувоҳнома берилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

«Туманнинг ‘Юксалиш’ маҳалласида яшовчи Ҳайит момо Байрамова 114 йилдан буён шахсини тасдиқловчи ҳужжатсиз яшаб келган. Ҳайит момонинг фарзанди Миришкор туман адлия бўлимига мурожаат қилиб, 1908 йилда туғилган онасининг туғилганлиги ҳалигача қайд қилинмаганини билдирган. Адлия бўлими тўпланган ҳужжатларни фуқаролик ишлари бўйича Касби туманлараро судига юборган», — дейди туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Азизбек Яздурдиев.

Таъкидланишича, 28 март куни фуқаролик ишлари бўйича Касби туманлараро суди раиси Ш.Тўхтаев раислигида Ҳайит Байрамова яшаётган хонадонда сайёр суд бўлиб ўтган.


«Туман адлия бўлими бошлиғи Сардар Карабаев, маҳалла раиси ва бошқар ташкилот масъуллари иштирок этган суд ишида Ҳайит момо Байрамованинг туғилганлик факти белгиланди. Унга тез орада фуқаролик паспорти берилади», — дейди Миришкор тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.