Телеграм ботга қилинган мурожаатга ечим топилди

Улашиш:

Зомин тумани, Даштобод шаҳарчасида рўйхатда туриб, бугунда Тошкент шаҳрида ижарада истиқомат қилувчи Одина Сайфиддинова 2 нафар фарзандларининг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини олиш учун кўп жойга мурожаат қилди. Ваҳоланки унинг  2015 йилда туғилган қизининг туғилганлиги қайд этилган гувоҳномаси йўқолган. 2018 йилда дунёга келган ўғлининг туғилиши эса ҳеч қаерда қайд этилмай қолган.

Ушбу масалада ёрдам сўраб Давлат хизматлари агентлигининг тезкор алоқа ботига унинг номидан мурожаат юборилган. Мазкур мурожаат асосида ДХА Жиззах вилоят бошқармаси жамоаси ва Зомин туман ФҲДЁ бўлими унга амалий ёрдам кўрсатдилар.

О.Сайфиддинова Зомин туман ФҲДЁ бўлимига ташриф буюрганда, биринчи фарзандининг “метирка”си Зарбдор туман ФҲДЁ бўлимидан олинганлиги маълум бўлди. Шу боисдан Зарбдор тумани ФҲДЁ масъуллари билан боғланилиб, қисқа вақт ичида унга такрорий гувоҳнома расмийлаштириладиган бўлди. 2018 йилда туғилган фарзандига эса ўша вақтда туғруқ амалга оширилган Навоий вилоятининг Хатирчи туман туғруқ комплексидан зарур ҳужжатлар олиниб, Зомин туман ФҲДЁ бўлими орқали гувоҳнома олинди.

- ДХА Жиззах вилоят бошқармаси раҳбариятига, Зомин ва Зарбдор туман ФҲДЁ бўлими ходимларига миннатдорчилик билдираман. Неча йилдан буён қунт қилмай келаётган масаламни қисқа вақтда ҳал қилиб беришди. Муаммо туғилдими уни оҳирига етказиш керак экан, - дейди Одина Сайфиддинова.

Шу вақтга қадар, Жиззах вилояти бўйича туман (шаҳар) ФҲДЁ бўлимлари орқали жами 16 ёшгача бўлган боланинг туғилиш муддатини ўтказиб қайд этиш ҳолати 260 тани ташкил этган.  

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.