Ўзбекистонда эксклюзив ҳуқуқларини бекор қилиш орқали монополияларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди

Улашиш:

Ўзбекистонда қатор компания ва ташкилотларга берилган эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилиш орқали мавжуд монополияларнинг бартараф этилиши кутилмоқда. Бу ҳақда 8 апрель куни имзоланган «Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида»ги президент фармонида кўзда тутилган.

Ҳужжатга кўра, қуйидаги компания ва ташкилотларнинг эксклюзив ҳуқуқлари бекор қилинмоқда:

  • аҳолига ва ижтимоий объектларга суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг.
  • ҳайдовчи ва ҳайдовчиликка номзодларни транспорт воситасини бошқаришга лаёқатлигини текшириш учун тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича давлат даволаш-профилактика муассасаларининг;
  • ишлатилган техник мойларни тўплаш ва қайта ишлаш бўйича Uz-Prista Recycling МЧЖ ҚКнинг;
  • товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатни бериш бўйича «Ўзбекекспертиза» АЖнинг;
  • қишлоқ, овул ва шаҳар посёлкаларининг бош режалари лойиҳаларини ва топогеодезия хариталарини ишлаб чиқиш бўйича «Қишлоққурилишлойиҳа» АЖнинг;
  • электр техника ускуналари ва қурилмалари, бутловчи буюмлар сарфлаш материалларини «Ҳудудий электр тармоқлари» компанияси тизимидаги корхоналар буюртмасига асосан марказлаштирилган ҳолда харид қилиш бўйича «Энерго РЭС» МЧЖнинг.
  • пахта маҳсулотларини, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини сертификатлаш бўйича «Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази» ДУКнинг;
  • ҳарбий хизматчилар, солиқ органлари ходимларини мажбурий суғурталаш бўйича «Ўзбекинвест» миллий суғурта компаниясининг;
  • қишлоқ хўжалиги шиналари етказиб бериш бўйича «Биринчи радиотехника заводи»нинг.

Президентнинг юқоридаги фармони билан, шунингдек, UzAuto Motors’нинг 10 фоизгача акциялари маҳаллий фонд биржасига жойлаштириш, «Ўзбекистон темир йўллари»ни трансформация қилиш, хориж фуқароларига Ўзбекистонда қурилаётган кўчмас мулкларга инвестиция киритиш ҳуқуқини бериш, давлат корхоналарига асосий фаолиятига хос бўлмаган объектларни сотиб олишни тақиқлаш, Тошкент жамоат транспортига хусусий секторни жалб этилиш ва бошқа бир қатор чоралар кўзда тутилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.