Солиқ кодексига киритилган ўзгартишларга кўра, Ўзбекистонга ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, соя данагини олиб кириш, шунингдек, ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланма қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш муддати 2022 йил 31 декабргача узайтирилди (илгари 2022 йил 30 апрелгача эди). Бу ҳақда Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.
Гўштни (мол гўштини, қўй гўштини), тирик ҳайвонларни (молни ва қўйни) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни, картошкани реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек, уларни Ўзбекистонга олиб киришда қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш муддати 2022 йил 31 декабргача узайтирилган.
Товуқ гўшти, музлатилган балиқ ва тирик паррандаларга қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёз 2022 йил 30 апрелгача этиб ўзгартиришсиз қолдирилган.
Шунингдек, 2022 йил 1 январдан 2031 йил 1 январгача Мўйноқ туманидаги маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаларидаги тадбиркорлар:
- фойда, айланмадан олинадиган, ижтимоий ва даромад солиғини 1 фоизда тўлайди;
- юридик шахсларнинг мол-мулк, ер ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқлари 1 фоизда тўлайди.
Бўялган матони, бўялган газламани ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотини экспорт қилувчи тадбиркорлар 2022 йил 1 февралдан 2025 йил 1 январгача ижтимоий солиқни 1 фоиз тўлайди.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда парламент томонидан 2021 йил 1 майдан 31 декабргача бўлган муддатда кунгабоқар ва соя уруғлари ҳамда ўсимлик ёғи импорти, шунингдек ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш ва ички бозорда реализация қилиш ҚҚСдан озод этилганди. Кейинроқ мазкур имтиёз яна тўрт ойга узайтирилганди. Декабрь ойида эса Ўзбекистонда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари импорти ва реализацияси учун қўшимча қиймат солиғидан (ҚҚС) берилган имтиёзлар муддати узайтирилган.