Ўзбекистонда ногиронларнинг солиққа тортилмайдиган даромади миқдори оширилди

Улашиш:

Ўзбекистон Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритилди, деб хабар беради Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали.

Киритилган қўшимчаларга кўра, вақтинчалик солиқ имтиёзларига, президент ёки ҳукумат қарорларида юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи ҳамда юридик шахсларнинг ер солиғидан тўлиқ озод қилиш имтиёзига эга солиқ тўловчилар мазкур солиқларни 1 фоизи миқдорида тўлайди (мазкур тартиб 3 ойдан сўнг кучга киради).

Фойда солиғини ҳисоблашда Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондига хайрия қилинган маблағлар солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланади.

Болаликдан ногирон бўлганлар, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронларининг Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 баравари (2 миллион 466 минг сўм) миқдоридаги маблағлари даромад солиғига тортилмайди (илгари МҲТЕКМнинг 1,41 баравари эди – 1 миллион 159 минг сўм). Ушбу тартиб 2022 йил 1 мартдан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерлар 5 йил муддатга ер солиғидан озод қилинади. Илгари 3 йил эди.

Ушбу тартиб 2022 йил 1 январдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.