Кейинги йилларда мамлакатимизда ер участкаларидан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш, шунингдек атроф-муҳитнинг муҳофаза қилинишини кучайтириш, экологик вазиятни яхшилаш, иқлим ўзгаришининг олдини олиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга ер ва шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик, шаҳарсозлик регламентлари талабларига риоя этилишини таъминлаш, ердан фойдаланувчиларнинг, ижарачиларнинг ва ер участкалари мулкдорларининг ер участкаларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги хабардорлигини ошириш мақсадида ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш турларини аниқлаштириш зарурияти юзага келмоқда. Бундан ташқари республикамизда скверлар, истироҳат боғлари, хиёбонлар, сайилгоҳлар ҳудудларининг ҳамда уларда экилган дарахтларнинг муҳофаза қилинишини кучайтириш, уларнинг ерларида бино ва иншоотлар қурилишининг олдини олиш зарурияти юзага келмоқда.
2025 йил 5 майда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Eр участкаларидан фойдаланиш тартиби янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1061-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш турлари жорий этилишини, аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ва дам олиши учун фойдаланиладиган ерларни хусусийлаштириш ёки бегоналаштириш, уларнинг ҳудудларини қисқартириш, мазкур ҳудудларда бино ва иншоотлар қуриш тақиқланишини, ушбу чекловларни бузганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилишини, ботаника боғларини хусусийлаштириш ва уларнинг ҳудудларида қурилишни амалга ошириш тақиқланган ҳолда ботаника боғларининг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар рўйхатига киритилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, мазкур Қонунга асосан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси 21-боб билан тўлдирилиб, ушбу бобда Ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш турлари, Ер участкасидан рухсат этилган фойдаланишнинг асосий тури, Ер участкасидан шартли рухсат этилган фойдаланиш тури, Ер участкасидан рухсат этилган фойдаланишнинг ёрдамчи тури, Ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш турларини ўзгартириш тартиби, Ер участкасидан шартли рухсат этилган фойдаланиш тури учун рухсатнома олиш тартиби, Рухсат этилган фойдаланишнинг белгиланган асосий туридан қатъи назар ер участкаларидан фойдаланиш каби масалалар тартибга солинмоқда.
Мазкур Қонунга асосан Ер кодексига киритилган 102-модданинг иккинчи қисмига кўра, Ер участкасидан рухсат этилган фойдаланишнинг асосий тури у тўғрисидаги маълумотлар Кадастр ва кўчмас мулкни рўйхатга олишнинг интеграциялашган ахборот тизимига киритилган кундан эътиборан белгиланган ҳисобланади.
Шунингдек, ушбу Қонунга асосан Ер кодексига киритилган ўзгартиришлардан яна бири “Ер участкасидан шартли рухсат этилган фойдаланиш тури учун рухсатнома олиш тартиби” белгиланганидир. Ушбу тартиб Ер кодексининг 106-моддасида белгиланган бўлиб, Ер участкасидан шартли рухсат этилган фойдаланиш тури учун рухсатнома олиш унинг ҳуқуқ эгасининг аризасига кўра амалга оширилади.
Ер участкасидан шартли рухсат этилган фойдаланиш тури учун рухсатнома олишга доир ариза давлат хизматлари маркази ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилади.
Ер участкасидан шартли рухсат этилган фойдаланиш тури учун рухсатнома жамоатчилик муҳокамаси натижаларини инобатга олган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси ҳузуридаги тегишли ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашларининг қарорларига асосан берилади.
Ер участкасидан шартли рухсат этилган фойдаланиш тури учун рухсатнома олиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишга доир маъмурий регламент, шу жумладан ер участкаларининг ҳуқуқ эгалари билан очиқ муҳокамалар ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Хулоса қилиб айтганда Ер участкаларидан рухсатсиз ва мақсадсиз фойдаланиш экологик мувозанатга зарар етказиши, сув, тупроқ ресурсларини ифлослантириши мумкин. Ер кодексига киритилган мазкур ўзгартиришлар эса рухсат этилган фойдаланиш турларининг ягона рўйхати юритилиши ва ҳар бир ер участкасининг кадастр маълумотларида акс этиши, давлат органларига тезкор назорат қилиш ва ҳуқуқ бузилишларини аниқлаш имконини беради. Бу ер ресурсларидан самарали фойдаланишга ва уларни асрашга хизмат қилади.
Ҳ.Ёров Жиззах вилоят маъмурий судининг судяси