Аномал иссиқ оқибатларидан қандай сақланиш мумкин?

Улашиш:

Об-ҳавонинг кескин исиб кетиши, айниқса болалар, қариялар ва беморларга оғир таъсир қилади.

Ҳатто соғлом одамлар ҳам баъзи бир қоидаларга риоя этишларига тўғри келади.

Қуёш уриши очиқ ҳавода тўғри тушадиган қуёш нурлари остида содир бўлади, лекин иссиқ таъсир қилгандан сўнг 6-8 соат ўтиб ҳам бошланиши мумкин.

Қуёш уришидан сақланиш учун бир нечта қоидаларга риоя этиш зарур:

Иложи борича соат 10:00 дан 17:00 га қадар тик тушадиган қуёш нурлари остида бўлманг.

Табиий матолар (пахта, каноп ва б.) дан тайёрланган кийим кийинг.

Албатта енгил, ёрқин рангли бош кийим кийинг. Кўзингизга қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак тақинг.

Сув ичиш режимига амал қилинг. Тартибсиз кўп миқдорда сув ичиш фақат чанқоқни яхши босмайди, лекин юракни зўриқтиради. Яхшиси аччиқроқ дамланган чой, квас, ҳар хил шарбатлар, минерал сув ичинг. Уйдан чиқишингизда ўзингиз билан олволинг.

Қуёшда бўлиб қайтганингиздан сўнг, душ қабул қилинг ёки ҳўл сочиқ билан артининг.

Оч қоринга ёки овқат еганингиздан сўнг дарҳол қуёш остида бўлманг.

Қуёш уриши ёки иссиқ уриши белгилари:

  • дармонсизлик, чарчоқ, бош оғриғи ва чанқаш кузатилади;
  • бош айланиши, қулоқларда шовқин, бутун танада оғриқ бўлиб, пулъс ва нафас тезлашади. Айрим пайтларда кўнгил айниши ва қусиш кузатилиши мумкин. Терлаш кучаяди, бурундан қон кетиши мумкин.
  • юрак-қон томир фаолияти ва нафас олиш кескин бузилади, ҳушини йўқотиши мумкин.
  • айрим пайтларда тутқаноқ тутиши, алаҳсираш, галлюсинация кузатилиши мумкин

Қуёш уришининг оғир шаклида тер ажралиши тўхтайди, агарда беморга тиббий ёрдам кўрсатилмаса, нафас ва юрак тўхташи мумкин.

Қуёш ёки иссиқ урганда биринчи тиббий ёрдам

Биринчи тиббий ёрдамни тўғри кўрсатиш инсон ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Асосийси, киши ўзини йўқотмасдан ҳаммасини тўғри ва тез бажариш зарур.

  • беморни салқин жойга ўтказиш, чалқанча ётқизиш, бошини салгина кўтариб қўйиш, кийимларини ечиш, бутунлай тинч муҳит яратиш ва тоза ҳаво келишини таъминлаш;
  • агар бемор ҳушида бўлса аччиқ чой ёки совуқ сув ичириш, (яхшиси сувга 0,5 литрга 0,5 чой қошиқда туз қўшиш);
  • бошини совуқ сув билан ҳўллаш ёки бошига нам сочиқ қўйиш;
  • оғир ҳолатларда беморни ҳулланган чойшаб билан ўраб қўйиш ёки устидан совуқ сув қуйиб туриш мумкин, лекин эҳтиёт бўлиш керак (тана ҳарорати 30 градусдан тушиб кетмаслиги керак). Агар иложи бўлса қон томирлари кўп бўлган қўлтиқ ости, чов ва тизза орқасига муз ёки совуқ сув тўлдирилган баклашка қўйиш керак;
  • қуёш ёки иссиқ урган беморларни яқин ўртадаги даволаш муассасасига олиб бориш зарур. Оғир ҳолларда эса зудлик билан тез ёрдам бригадасини чақириш зарур.
2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.