СССР собиқ бош вазири совет иттифоқини қайта тиклаш усулини айтди

Улашиш:

Фото: «Коммерсантъ»
Совет иттифоқини илгари мавжуд бўлган шаклда қайта тиклаш иложсиз, аммо собиқ иттифоқ мамлакатларини бирлаштириш усули бор. Бу ҳақда СССР Вазирлар кенгаши собиқ раиси Николай Рижков «РИА Новости»га берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Евроиттифоқ ва унинг органларидан иборат асосга эга бўлган Европа бирлашувига яқин бўлишга интилиш керак. ЕИ тамойили бўйича постсовет маконида давлатларнинг бирлашмасини янги шартлар асосида қайтадан яратиш мумкин бўларди, деб ўйлайман», — деган фикрни билдирди у.
Рижков ишонч билдиришича, Совет иттифоқининг аввалги форматини кўчириб олиш ҳамда унинг «1922 йилги қиёфасини» қайта тиклаш керак эмас, чунки давлат «тирик организм» бўлиб, у ҳам ривожланади, «кексаяди ва хасталанади». «Ҳеч нарса ўз ўрнида қолиши керак эмас, ҳаракатланиши керак», — деди у.
30 декабрь куни СССРга асос солинганига 100 йил тўлади. Николай Рижков 1982—1985 йилларда КПСС (Совет иттифоқи Коммунистик партияси) Марказий қўмитаси котиби, 1985—1990 йилларда — КПСС МҚ сиёсий бюроси аъзоси, 1985—1991 йилларда эса Вазирлар кенгаши раиси бўлган. 1991 йилда РСФСР (Россия Совет Федератив Социалистик Республикаси) президенти сайловларида иккинчи ўринни эгаллади. 1995 йилдан Рижков Давлат думаси депутати, 2003 йилдан эса Федерация кенгаши аъзоси бўлиб ишлай бошлаган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.