Мэтт Дэймоннинг 280 миллион долларлик хатоси

Улашиш:

Ўз вақтида режиссёр Жеймс Кэмерон актёр Мэтт Дэймонни «Аватар»да бош ролни ўйнаб, эвазига филмдан тушган 10 фоиз маблағни олишни таклиф қилган эди. Бироқ бу пайтда «Жейсон Борн»га муккаси билан шўнғиб кетган Дэймон таклифни рад этган.
Вақтлар ўтиб маълум бўлдики, Дэймон кинематография тарихидаги энг йирик шартномалардан бирини қўлдан бой берган.

Маълумот учун: «Аватар» намойиш этилишидан тушган «касса» айни пайтга келиб 2,8 миллиард долларни ташкил этмоқда. «Аватар-1» (2009) ва «Аватар-2» (2022)да бош роллардан бирини Сэм Уортингтон (Мэтт Дэймоннинг ўрнига) ўйнаган.
BBC ёзишича, Кэмерон Дэймонга йўқотилган имконият учун афсусланмасликни маслаҳат берди. Чунки 2021 йилги интервюсида актёр Кэмероннинг таклифини қайтарганидан афсусдалигини айтганди.
«У ҳалиям ўзини кечира олмаяпти. Мэтт, сен ахир жаҳоннинг энг катта киноюлдузларидан бирисан, тақдирга тан бер», — деди Кэмерон ҳазиллашиб.
Режиссёрнинг айтишича, Дэймон кейинги «Аватар»ларга чақирилиши мумкин. Бироқ энди 10 фоизлик таклиф бўлмайди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.