«Ал-Қоида»нинг янги раҳбари боши учун 10 миллион доллар мукофот ваъда қилинди

Улашиш:

Миср махсус кучларининг собиқ зобити ва «Ал-Қоида»нинг юқори мартабали аъзоси Сайфул Одил энди ушбу жангарилар гуруҳининг янги раҳбари ҳисобланади, дейилади БМТ ҳисоботида. АҚШ ҳукумати унинг боши учун 10 миллион доллар мукофот ваъда қилмоқда. Бу ҳақда Reuters ёзди.

2011 йилда «Ал-Қоида» террорчилик гуруҳи асосчиси Усома бин Лодин ўлдирилганидан кейин ташкилотга Аймон Аз-Завоҳирий раҳбар бўлган эди. 2022 йилда АҚШ томонидан Кобулга ракета зарбаси берилиши оқибатида унинг йўқ қилингани тахмин этилмоқда. Бироқ, «Ал-Қоида» унинг ўрнини ким эгаллаганини эълон қилмади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг хатарларни баҳолаш ҳисоботида қайд этилишича: «2022 йил ноябр ва декабр ойларида бўлиб ўтган муҳокамалар чоғида кўплаб аъзо давлатлар Сайфул Одил аллақачон ташкилот раҳбарига айланган, деган хулосага келган».

Сайфул Одил ташкилот учун янги одам эмас. Унинг террорчилик ҳаракатларидаги иштироки узоқ ўтмишга бориб тақалади.

1998 йил ноябр ойида Одил Қўшма Штатларнинг Танзания ва Кениядаги элчихоналарида 224 нафар тинч аҳолининг ўлимига ва 5 мингдан ортиқ кишининг жароҳатланишига сабаб бўлган портлашларга алоқадорликда АҚШ федерал катта ҳайъати томонидан айбланган эди.

Одил махфийликка қаттиқ риоя қилади. Мисол учун, Федерал қидирув бошқармасида (ФҚБ) унинг учта фотосурати бор холос. Асосий фотосурат кўп йиллар олдин олинган ва оқ-қора тасвирга эга.

Америкалик терговчиларга кўра, унинг Африкадаги операциялари, машғулот лагерлари ва 2002 йилда Покистонда америкалик журналист Дэниел Перлнинг ўлдирилишига алоқадор эканидан ташқари, Одил ҳақида маълум бўлган фактлар жуда кам.

АҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, Одил Эронда яшириниб юрибди. АҚШ Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, Одил «Ал-Қоида» бошқарув кенгашининг аъзоси ва ташкилот ҳарбий қўмитасига раислик қилади. У ҳақдаги ҳаққоний маълумотлар учун 10 миллион долларгача пул таклиф қилинмоқда.

«Ал-Қоида» фаолиятини кузатиб борган ФҚБ собиқ махсус агенти Али Суфён сўзларига кўра, Сайфул Одил (Адолат қиличи) унинг тахаллуси бўлиб, ҳақиқий исми Муҳаммад Салоҳиддин Зийдон.

Одил қонли фаолиятини 1981 йилда бошлагани, Миср президенти Анвар Саодатга суиқасд уюштиришда иштирок этгани ҳақида тахминлар бор. Шунингдек, у 1993 йилда 18 америкалик аскар ҳалок бўлган Сомалида АҚШ ҳарбий вертолётига уюштирилган пистирмада ҳам қатнашгани ҳақида баъзи фактлар бор.

ФҚБ Одилни энг кўп қидирилаётган террорчилардан бири деб билади ва уни АҚШ фуқароларини ўлдириш, АҚШ биноларини вайрон қилиш учун фитна уюштирганликда айблайди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.