Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши шарт — Шавкат Мирзиёев

Улашиш:

Ўзбекистон президенти ЖСТга аъзо бўлиш жараёнлари ва истиқболларига оид тақдимот билан танишди. 

14 апрель куни Шавкат Мирзиёев Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнлари ва истиқболларига оид тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент Матбуот хизмати хабар берди.
Маълумки, Жаҳон савдо ташкилоти давлатлараро кўп томонлама савдо тизимини мувофиқлаштириб турувчи нуфузли халқаро тузилмадир. Дунё савдосининг 95 фоизи унга аъзо 164 та мамлакат ҳиссасига тўғри келади.
"Ташкилотнинг асосий вазифаси – эркин ва шаффоф савдо муносабатларини тартибга солиш ва уни кенгайтириш орқали аъзо мамлакатлар барқарор тараққиётини таъминлаш ва инсонлар турмушини яхшилаш ҳисобланади. Бу Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар мақсадига тўлиқ мос келади.
Илгари мамлакатимиз экспортнинг ярми пахта толасига тўғри келарди. Унинг экспортидан тўлиқ воз кечилгандан кейин, тайёр кийим-кечак экспорти 4 баравар кўпайди. Ўтган йил натижаларига кўра, тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 3 миллиард 300 минг долларни ташкил этди. 2021 йилда Ўзбекистон GSP+ тизимига қўшилгани натижасида Европа бозорига тайёр маҳсулот экспорти 1,5 баравар ошди", - дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ташқи савдода тайёр маҳсулот экспортини кўпайтиришда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш янада кенг имкониятлар очади. Шу боис Ўзбекистон 2019 йилдан бу халқаро тузилмага аъзолик жараёнини янгидан бошлаган эди. Ўтган даврда бу мақсад сари дадил қадамлар қўйилди.
Йиғилишда давлат раҳбари Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш шартлигини таъкидлаб, бунинг иқтисодий аҳамиятига тўхталди.
"Келгуси уч йилда тайёр маҳсулот экспортини 2 баравар оширишни режа қилганмиз. Бунга эришишнинг бирдан бир йўли – Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш. Бу 164 та давлат билан адолатли савдо тизимини йўлга қўйиш ва барқарор бозорларни яратиш имконини беради", – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент ўтган йилги мурожаатномасида бу жараённи жадаллаштириш ҳақида айтган эди. Шу мақсадда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо 50 дан зиёд давлатлар билан икки томонлама музокаралар олиб борилди. Бу жараён бўйича жорий йилнинг март ойида Жаҳон савдо ташкилотида ишчи гуруҳнинг олтинчи йиғилиши ўтказилди.
Давлат раҳбари ҳузуридаги тақдимотда аъзо давлатлар томонидан кўтарилган масалалар муҳокама қилинди.
Жаҳон савдо ташкилотининг битимларидан келиб чиқиб, миллий қонунчиликни унга уйғунлаштириш, тартиб ва стандартларни халқаро талабларга мослаштириш бўйича топшириқлар берилди. Бунинг учун хорижий консультантларни жалб қилиб, ишчи гуруҳларни шакллантириш, барча вазирликлар ва элчихоналар билан тизимли ишлаш зарурлиги таъкидланди.
2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.