AҚШ фуқароси бўлган эркак дунёнинг барча мамлакатларига саёҳат қилишга муваффақ бўлди, деб ёзади UPI. Унинг саёҳатларида охирги нуқта Туркманистон бўлган.
Сан-Диеголик Рэнди Уилямс Туркманистон сайёҳлар учун тўрт йил давомида ёпиқ бўлганидан кейин ушбу давлатга ташриф буюрган.
«Туркманистон сайёрамиздаги энг сирли ва туристлар учун ёпиқ мамлакатлардан бири», — дея изоҳ берди америкалик.
Ҳозирда Уилямс Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлган барча 193 давлатга, шунингдек, Ватикан ва Фаластинга саёҳат қилган. Шунингдек, у Косово, Ғарбий Саҳрои Кабир ва Тайван каби баҳсли ҳудудларга ҳам борган.
Энди Уилямс ўзининг навбатдаги рекорди ҳақида ўйламоқда. Эркак дунёнинг ҳамма давлатларида бўлганини айтиб, янги давлат ўйлаб топиши кераклиги ҳақида ҳазиллашган.