Карантин қоидалари бўйича қонун имзоланди

Улашиш:

Карантин остидаги маҳсулотларни олиб кириш ва олиб чиқиш қоидаларини бузиш жавобгарликка сабаб бўлади.

«Ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун (ЎРҚ–743-сон, 11.01.2022 й.) Президент томонидан имзоланди.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қуйидаги ўзгартиришлар киритилди:

➖ ўсимликлар карантини объектларига ва бошқа зарарли организмларга қарши курашишга доир фитосанитария талабларини ҳамда бошқа қоидаларни карантин остидаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, қайта ишлаш, реализация қилиш ва йўқ қилиш чоғида бузиш – фуқароларга БҲМнинг 3 бараваригача (810 минг сўмгача), мансабдор шахсларга 5 бараваригача (1 млн 350 минг сўмгача);

➖ карантин остидаги маҳсулотларни Ўзбекистонга олиб кириш ва олиб чиқиш қоидаларини бузиш – фуқароларга БҲМнинг 5 бараваригача (1 млн 350 минг сўмгача), мансабдор шахсларга 10 бараваригача (2 млн 700 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиришлар киритилди.

Унга кўра, фитосанитарияга оид юқори хавфга эга бўлган карантин остидаги маҳсулотни, шу жумладан экиш, пайвандлаш, кўпайтириш учун мўлжалланган экиш материалларини хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонда яшовчи фуқароларга почта ва курьерлик жўнатмаларида юбориш, шу жумладан багажда ва қўл юкида олиб ўтиш тақиқланади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.