Жиззахда Педагогика университетининг янги биноси пойдевори демонтаж қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
2500 талабага мўлжалланган бино қурилиши шаҳарнинг «Боғишамол» маҳалласи ҳудудида олиб борилмоқда. Қурилиш соҳасида назорат бўйича ҳудудий инспекция томонидан объектдаги ишлар мониторинги олиб борилиб, кўплаб қонунбузарликлар аниқланди.
«Объектда зилзилавий ҳудудларда қурилиш талабларига риоя қилинмаганлиги натижасида пойдевор қисмида бажарилган бетон ишлари, лабаротория хулосасига кўра, лойиҳа талабларига мос келмайди, бетон қуйиш ишлари эса сифатсиз бажарилган», — дейилади хабарда.
Қоидабузарликлар юзасидан маъсул шахсларга инспекция томонидан ёзма кўрсатма берилган ҳамда сифатсиз бажаралган бетон ишлари жойида демонтаж қилдирилди.