14 ёшли «журналист»нинг бошидан кечирганлари

Улашиш:

Асфальти йўқ кўчалар, газлаштирилмаган уйлар ҳақида «Дўстлик байроғи»га мақола ёзганимда ўн уч ёшда эдим. Қишлоғимизни  бадбўй  ҳидга тўлдирган,  мевали дарахтларни қурита бошлаган, энг ёмони тери ва юқумли касалликлар урчиб кетишига сабаб бўлган, «Бақалар санаторияси» ҳақида  марказий газетага  мақола юбордиму балога қолдим. Тўғри, аввал маҳаллий газетага  ёзиб кўрдим, афсуски ижобий натижа бўлмади. Фақат шаҳардан келган вакил дадамга тушунтириш хати ёздирди, олтита дарахтимизни кесиб кўлмакни ботқоққа айлантирди, икки машина тупроқ тўктириб кетди холос... Ўшанда дарахтларимизга ачинсам ҳам, энди қишлоқдаги сассиқ ҳид йўқолади, деб хурсанд бўлибман. Аммо қувончим узоққа чўзилмади. Бир неча кун ўтгач, заҳарли сув энди боғ томон энлаб, бадтар сасий бошлади.  Айвончада, сўримизда ўтира олмай қолдик. Кечки пайт деразаларни очишнинг иложи йўқ. Аввал тоза, шифобахш бўлган булоқ сувини ичсак икки соат ўтмай ичакларимиз бураб оғрийди. Қанча одамлар касал бўляпти. Вафот этганлар ҳам бор.  Дадамнинг айтишича, тепадан келган вакилик бу ерга тупроқ тўктирмай, ер остидан ўтган, чириган оқава сув қувурини таъмирлаши, алмаштириши керак экан. Демак, ўшанда заҳар сув тупроққа сингган.  У  ерда бақалар ва итбалиқлар мазза қилган.  

Шундан сўнг русчани зўр билмасам ҳам Москвага «Правда»га мақола ёзиб юбордим. Рус тили ўқитувчимиз хатоларимни тўғирлаб берди.

Ўшанда собиқ иттифоқда аллақачон қайта қуриш бошланган, газеталарда танқидий мақолалар кўпайган, мен эса 14 ёшда эдим. 

Ўшанда зўр тўполон бўлди. Шаҳар, вилоят эмас, нақд Тошкентда ишловчи қориндор амакилар «Правда»га мақола ёзган одамни қидириб келишган.  Мактабдан қайтсам уйда тумонат одам, мажлис авжида. Аввал нима бўлаётганига ақлим етмади. Папкали, папкасиз, шляпали, шляпасиз, аммо ҳаммаси галстук таққан меҳмонларни кўриб қувониб кетдим. Демак, мақолам иш берган! 

Менга ҳаммадан аввал кўзи тушган маҳалла оқсоқолининг ўнг қоши пир-пир учиб, ҳаллослаганча югуриб  ёнимда пайдо бўлди ва елкамдан тутди. 

– Мана, ўзиям келди. Ёшда...ёш! Бир марта кечиринглар! «Правда» нималигини билмаганда, овсар!  

– Ким овсар?  Оқсоқолнинг панжасидан юлқиниб чиқдим: – Нега билмас эканман.  Правда  – ҳақиқат!  

Оқсоқол бўлса,  унимни ўчиришга ҳаракат қилиб, пичирлаб  ялинишга тушди:

– Биламан.  Бироқ... Бир пас жим тур болам. Сандан хавотирдамизку...

Сўнг  яна  амалдорларга эланди:

– Болада ҳали. Шеър-перлар тўқиб, ўзича ўқиб юрарди, газит ўқишига эътибор бермай қолибмиз. Ўзи қишлоғимиздан ёмон одам чиқмаган. Ҳамма ҳалол, мўмин, қобил.  Бундан ҳам ёзувчи чиқармаймиз. Тўғрими қизим?   

 Сўнг қаддини ғоз тутиб:

– Ўртоқлар, мен бор эканман, тирик эканман бу бошқа ёзмайди! Қасам ичамиз, деса бўладими?

Энди буниси ошиб тушди. Мен унинг гапларини тасдиқлаганим йўқ-ку. Тавба, нега унақа дейди? Нимадир ёзиш учун оқсоқолни  ўлишини кутаманми энди?! 

Шулар  тилимга кўчди:

– Йўқ!  Сизнинг  ўлишингизни кутмайман. Қасамни ўзингиз ичинг!

Оқсоқолнинг асаби бадтар бузилиб, кетмондай қўлини бошим узра кўтарди.  Уради деб ўйладим. Урмади, важоҳат билан кўтарган дастини тушириб бошимни силади  ва фақат иккимиз эшитадиган қилиб пичирлади:

– Бизниям ўйласангчи нодон. Бу ерда нима гаплар бўлганини эшитмадинг-да. Марказдагилар ҳам, тумандагилар ҳам бизни ейди, бошқа ёзмайман, дегин!

Оқсоқолнинг пичирлаганидан шубҳаланган меҳмонлардан новчароғи калхатдек келиб  овозини баландлатди:

– М.Ибрагимова сизмисиз?

 – Ҳа, мен!

Унинг бит кўзида ғазаб учқунлаганини дарров сездим.  

– М.Ибрагимова-я? Нега фамилянгнинг тагига журналист деб ёздинг, тирранча?!  Бунга жиноят кодексида статья борлигини биласанми?

 Алиев деганлари бадтар қутуриб, қўлидаги газетага  ишора қилди: 

– Газетага мақола жўнатганмисиз...сан? 

– Ҳа...

Яна озгина қўрқиб, озгина каловландиму бир лаҳзадан сўнг ўзимга келиб,  бошимни мағрур кўтариб бақириб юбордим: 

– Ҳа. Мен юбордим. Ботқоқни қуритасизларми?  

Орқамда турган оқсоқол хезланиб турган Алиевнинг панжасидан мени қутқариб, елкамга енгил  қоқди ва ботқоқ томон  ишора қилди.

– Ана,  қара қизим, қуритишяпти. Энди  ҳеч нарса сасимайди... сўнг энгашиб қулоғимга шивирлади: – Сенам сасимай тур! Анув меҳмонлардан кечирим сўраб, бир оғиз раҳмат айтвор. Тешилган, чириган қувурлар алмаштириляпти. Анчадан бери ботқоқ томонда юрмасдим. Чираниб ишлаётган экскавоторга ҳам, овозига ҳам эътибор бермабман. Қорайиб турган каттакон қувурларни ҳам энди кўрдим. Демак, иш бошланган.  Шунинг учун ҳар кунги сассиқ ҳид бир оз камайган. Ҳозироқ бориб  жараённи ўз кўзим билан кўрмоқчи эдиму оқсоқол дадамнинг олдига судради.

– Ўзи шу савилни «горком» бува қуритишни аллақачон режалаштирганди. Сал шошибсан-да, болам. Шуни тепага ёзиш шартмиди? Ўзи, она сутинг оғзингдан кетмаган бўлса. Дадангни ўйламадингми? 

Кўзим ҳам, хаёлим ҳам тариллаб ишлаётган экскавоторда бўлса дадамга эътибор бераманми? Оқсоқолнинг турткисидан сўнг ташриф буюрганларга салом бердим. Алик олишмади. Менимча, улар бир мишиқини қандай жазолаш ҳақида ўйлашаётган эди. 

Айниқса, ҳар қимирлаганда тахта сўримизни синдириб юбораёзган тепакал амаки роса жазавага  тушди:

– Вы что издеваетесь надомной? Хотите сказать что статью написала эта девочка? Что за безобразие? Она же малолетка! 

Кейин қаерга келгани ва энг муҳими ўз тили эсига тушиб қолди шекилли, қолганини ҳамма тушунадиган  гаплар билан давом этди: 

– Ман ақлдан озганим йўқ! Мана шу чигиртка шунча муаммони ёритаоладими? Яна рус тилидая?

Кейин менга  яқинлашиб вишиллади:

 – Пушкинни биласанми? 

 – Ҳа. Кўп шеърини биламан. Аммо ҳозир «Узник»ни айтмасам бўлмайди. Тамоғимни қириб, ролга кириб, овозимни баландлаб бошладим:

Сижу за решеткой в темнице сырой.

Вскормленный в неволе орел молодой,

Мой грустный товарищ, махая крылом,

Кровавую пищу клюет под окном...

– Тўхта, ишондим, аммо... кимсан Горбачевга мурожаат қилиб, «келиб  сассиқ сувимиздан бир ичиб кўринг» дейдиган. Оқава сувлар тупроқ ва булоқ сувларинг таркибини бузаётганини, табиатга зарар келтириб дарахтларни қуритаётгани, яна касаллар кўпайганини зинқарча бола қаердан билсин? Йўўўўқ, мақолани у эмас, аниқ бошқаси ёзган. 

Сўнг аланглаб дадамга юзланди:

– Русчани биласизми?

У саволни бердию жавобини кутмади. Дадамнинг эски дўпписи, хокисорлиги ёқмади шекилли бидирлади:

– Билмасаям керак...

– Ие, Россиянинг у ёғидан кириб, бу ёғидан чиққан, яқинда Горбачевнинг қабулигача бориб келган дадам  русчани билмайдими? «Арбат»дан энг зўр китобларни битта қўйнинг пулига сотиб олган одамни хақорат қиляптими?

 – Дадам «Бородино» ни ёддан билади, яначи...

– Тушунарли, Маърип акамиди исмингиз, буёққаа келинг. Биз билан кетасиз. Тепага ёзиш қанақа бўлишини кўрсатамиз!  

Шунча ҳақоратни эшитиб мум тишлаб турган дадамни танимадим. Боплаб адабларини берарди-ку. Мешқорин жавраб-жавраб атрофга аланглаб, кимнидир қидириб  бадтар авжига чиқди:

– Бу уйда  аёл зоти борми?  Бир пиёла  чойми, сувми  беринглар! 

Аям  ишда эди.

Менга кўзи билан бир нарсаларни ишора қилганча, шанғиллаётган амалдорнинг олдига яқинлашган дадамни тушуниб ошхонага югурдим. Қарасам чойнакда чой йўқ. Челакдаги сувга чўмич ботириб бир литрли банкага қуйдим, беш-олтита пиёлани кўтариб ташқарига югурдим.

Жавраганча бир пиёлани сипқорган бояги мешқорин иккинчиси, учинчисини ҳам ичди. Қолганлар ҳам сўрашгани учун яна икки марта сув олиб келдим. 

Дадам имо-ишоралар билан оғзими очиришга қўймай, бир нарсаларни ёзар, амалдорларни бири қўйиб бири «тарбия» дарсини ўтишарди:

 – Хуллас, гап шу! Тўрт болангиз борлиги учун бир сафар кечирамиз. Аммо яна вояга етмаган фарзандингизнинг номи билан мақола юборсангиз  ўзингиздан кўринг!  «Правда» тугул  қоғозга исмингизни ёзолмай қоласиз!

 Дадамнинг биқинида туриб, нохақ гап эшитаётганига чидамай оқлашга уриндим. Аммо шу заҳоти чап билагимдан «бурама қанд» едим.

Дадам фурсатдан фойдаланиб қулоғимга шипшиди:

– Жим бўл! Буларга ўчакишма! 

 Ўша куни дадамдан роса гап эшитдим. Эртасига уйимизда сув ичган амалдорларни барчаси ичбуруғ бўлиб касалхонага тушишгач мелисага чақиришди. Челак, чўмичимизгача олиб кетиб текширишгани ва «атайин заҳарламадим» деган тушунтириш хати ёздиришгани ёдимда. Яна бир неча кун ўтгач сувимизни яроқли деб маълумот берган санэпидстанция врачи ишдан бўшаб, ўрнига янгиси келди...

Муаззам Иброҳимова

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.