Робахон Махмудова жиззахлик сайловчилар билан учрашув ўтказди

Улашиш:

Жиззах шаҳридаги “Sambhram” университетида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Робахон Махмудованинг жиззахлик сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда вилоят ёшлари, профессор-ўқитувчилар, меҳнат фахрийлари, жамоат ташкилотлари аъзолари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Учрашувни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Жиззах вилоят кенгаши раиси Ориф Шукуров олиб борди. Тадбир давомида номзоднинг ишончли вакили Иномжон Қудратов сайловчиларга номзоднинг таржимаи ҳоли ҳақида батафсил маълумот берди. 

Сайловчилар ҳузурида чиқиш қилган Президентликка номзод Робахон Махмудова сайловолди дастуридаги устувор йўналишларга тўхталиб ўтди.  Хусусан, номзод ўз дастурида Ватанимиз тараққиёти йўлида ҳуқуқий демократик, ижтимоий давлат ва барча учун фаровонлик таъминланган адолатли фуқаролик жамияти қуришнинг социал-демократик модели таклиф этилаётганлиги, педагоглар ва тиббиёт ходимлари мақомини мустаҳкамлаш ва уларнинг меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технологияларни кенг жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади.

Шунингдек, дастурда инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари давлат ва жамиятнинг энг юксак қадриятлари эканлиги тан олиниб, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида ҳар бир инсоннинг фаровон ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, мамлакатимизни эркинлик, адолатлилик, бирдамлик, ижтимоий ҳимоя ва масъулият тамойиллари ҳукмронлик қиладиган, аҳолининг юқори турмуш даражасига эга ривожланган давлатлар қаторига қўшилишига эришиш каби вазифа ва мақсадларга алоҳида эътибор қаратилганлиги қайд этилди.

Шу билан биргаликда, номзод дастуридан ўрин олган оилани мустаҳкамлаш бўйича миллий индексларни, шунингдек, тегишли халқаро рейтингларда Ўзбекистон кўрсаткичларини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш, “Соғлом оила – соғлом жамият 2030” концептуал ғоясини амалга ошириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, айниқса, қишлоқ жойлардаги хотин-қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этишга оид эзгу ғоя ва таклифлар айтиб ўтилди.

Учрашувда сўзга чиққан “Адолат” СДП Жиззах вилоят кенгаши “Ёшлар қаноти” фаоли Шарофат Ҳасанова, Жиззах давлат педагогика университети қошидаги академик лицей кафедра мудири, партия фаоли Дилбар Ҳакимова, халқ депутатлари Зарбдор туман Кенгаши депутати, тумандаги 22-мактаб директори Исломиддин Аллаёров, халқ депутатлари Арнасой туман Кенгаши депутати Фаррух Абдуҳамидовлар Ўзбекистон Президентлигига номзод Робахон Махмудованинг сайловолди дастурини қўллаб-қувватлашларини билдириб, жиззахликларни сайловда ушбу номзодга овоз беришга даъват қилдилар.

Тадбир якунида Президентликка номзод сайловчиларни қизиқтирган барча саволларига батафсил жавоб берди.


 “Адолат” СДП Жиззах вилоят кенгаши
 Матбуот хизмати


2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.