Ўзбекистонда президентлик сайлови бошланди

Улашиш:

Бугун, 9 июль мамлакатимизда муҳим сиёсий воқеа — муддатидан илгари ўтказилаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бошланди. Соат 8:00дан эътиборан республикамиз бўйлаб барча сайлов участкалари участка сайлов комиссиялари аъзолари ҳозирлигида тантанали равишда очилиб, овоз бериш жараёнлари бошланди.

Жумладан, пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 469-сонли сайлов участкасида ҳам соат 8:00да давлатимиз мадҳияси янграб, овоз бериш жараёни бошланди.  

— Бугун юртимиз ҳаётида муҳим сиёсий тадбир —  Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтмоқда, — дейди 469-сонли участка сайлов комиссияси раиси Мукаррам Салимова. — Шу боис, эрта тонгдан сайловчилар ушбу муҳим жараёнда иштирок этиш учун участкамизга ташриф буюра бошлади. Сайлов участкамизда 2 минг 358 нафар сайловчи рўйхатга олинган. Сайловчиларнинг овоз беришлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Бемор, қария ва келолмайдиган фуқароларимиз учун кўчма овоз бериш қутилари ҳозирлаб қўйилган. Умуман, ушбу муҳим тадбирни қонун талаблари асосида, муносиб тарзда ўтказиш учун барча тайёргарлик ишлари кўрилди.  

Таъкидлаш жоизки, мазкур сайловга тайёргарлик кўриш мақсадида бир ой давомида юртимиз бўйлаб сайловолди ташвиқоти уюшқоқлик билан амалга оширилди. Номзодлар ҳақида сайловчиларга кенг кўламли маълумотлар етказилди. Сайловчиларнинг овоз бериш жараёнидаги фаол иштироки, бугунги танлови юртимиз эртаси, халқимиз, фарзандларимиз келажаги учун хизмат қилади. Шундай экан, ҳар бир сайловчи Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этиши муҳим аҳамият касб этади.  

Сайловда овоз бериш соат 08:00дан 20:00гача ўтказилади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.