Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва қўшимча имкониятларни аниқлаш асосида солиқ тушумларини кўпайтириш бўйича Зомин туманида ишчи гуруҳи фаолият юритмоқда. Ишчи гуруҳ таркибида вилоят солиқ бошқармаси, иқтисодиёт ва молия бошқармаси, камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси, савдо – саноат палатаси вилоят бошқармаси, тижорат банклари, давлат кадастрлар палатаси вилоят бошқармаси, вилоят прокуратураси ҳамда бошқа масъул ташкилотлар вакиллари бириктирилган.
Биз Зомин шаҳарчасидан қарийб 35-40 км олисда жойлашган “Бешкуби” қишлоғида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ҳамда фермерлар билан учрашдик. “Увол” қишлоғида жойлашган 32-мактаб биносига тадбиркорлар ва фермер хўжаликлари раҳбарлари таклиф этилдилар. Унда сўз олганлар тадбиркор ва фермерларни қийнаб келаётган масалаларни ўрганиш учун ташриф буюрганларини маълум қилдилар. Йиғилишда тадбиркорларнинг таклифлари ва муаммолари жойига чиқилган ҳолда ўрганилиши маълум қилинди.
Ишчи гуруҳ аъзоларига мурожаат қилган ёш тадбиркор Сухроб Қўлдошев хўжалик совуни ишлаб чиқариш цехи ташкил қилган. Унинг хонадонига борилиб кўтарган масалалари жойида ўрганилди. Ҳозирда ишлаб чиқарилаётган совун хом ашёсини катта миқдорда харид қилиш унга қимматга тушаётгани учун, ўзи хомашё ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. Бунинг учун ер майдони ажратиш ва 50 млн сўм банк кредити олишга эҳтиёжи мавжудлигини маълум қилди.
Ҳудуддаги “Қайнар чашмаси” фермер хўжалиги 3 йил олдин ташкил этилган. Фермер Абдурашид Сулаймонов лалми майдонда томчилатиб суғориш усули билан узум, олма, нок ва бошқа қишлоқ хўжалиги махсулотлари етиштиришни йўлга қўйган. Режалари улкан фермер ўз боғи ҳудудида 300 тонналик қишлоқ хўжалиги махсулотларини сақлаш учун музлаткич қурган. Ишчи гурух унинг дала майдонига ташриф буюрганида ушбу музлаткични ишга тушуриш учун фермернинг 120 млн сўм миқдорида совутиш агрегатлари (мотор) харид қилишга иккиламчи кредит олишга эътиёжи борлигини аниқладилар. Унинг мурожаати асосида ишчи гуруҳ аъзолари барча муаммоли масалаларни тегишли тартибда қайд этиб, унга амалий ёрдам кўрсатилиши маълум қилинди.
Увол қишлоғида яшовчи Шерзод Ўсканов “Триада ерлари” МЧЖни 2022 йил 18 ноябрда ташкил этган.
Қишлоқ аҳолисига савдо ва тегирмон хизмати кўрсатишга мўлжалланган бино бугунги кун талабига умуман жавоб бермайди. Унинг айтишича, ушбу эски бино ўрнидан завонавий кўринишдаги савдо дўкони, эркаклар сартарошхонаси ва аёллар учун гўзаллик салони, автомойка ва иккинчи қаватидан тўйхона қуриш ниятида эканлиги, бунинг учун банк томонидан 1 млрд сўм миқдорида банк кредитига эҳтиёжи мавжудлигини айтиб ўтди.
Ҳозирда бу ишларни амалга ошириш учун ушбу мажмуа қуриладиган ер майдони бахсли эканлигини маълум қилди. Ишчи гуруҳ таркибида бўлган кадастр ходимлари унинг барча ҳужжатларини ўрганиб чиқдилар ва унинг фақатгина 72 м.кв майдонга эгалик ҳуқуқи борлигини маълум қилдилар.
Қорамозор қишлоғи ҳудудида фаолият юритувчи ЯТТ Галтемирова Буврилой аралаш моллар савдоси билан шуғулланади.
Унинг фаолияти ўрганилганда тадбиркор кредит асосида Дамас русумли автомашина олишга кўмак зарурлигини маълум қилди. Шунингдек, туман Халқ банки филиалидан айланма маблағни шакллантириш учун ҳозирча 30 млн сўм тижорат кредити олишда кўмак сўради.
Турмуш ўртоғи ЯТТ Галтемиров Эрали эса жорий йилда қишлоқ аҳолисини дон ва ун махсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида мини тегирмон цехини ишга туширган. Ҳозирда у қишлоқ ёшларининг бандлигини таъминлаш мақсадида 1 та янги иш ўрни ташкил этган.
Қорамозор қишлоғида 1200 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади.Уларнинг турли хизматларга бўлган эҳтиёжини қондириш учун ҳудудда нафақат савдо дўкони балки автосервис, авто ювиш шаҳобчаси ташкил этишга эҳтиёж мавжуд.
ЯТТ Хуршид Бўриев ҳозирда озиқ-овқат дўкони ташкил этган. У келгусида фаолиятини янада ривожлантириш учун юқоридаги хизмат турларини ҳам ташкил этмоқчи. Ўзининг маблағидан ташқари, турли авотоювиш ускуналари харид қилиш учун 14 млн сўм атрофида банк кредити олишга эҳтиёжи мавжудлигини маълум қилди.
Айни пайтда Зомин тумани бўйича 38 та МФЙда тадбиркорлар билан учрашилиб, уларнинг муаммоларини ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳудудларда тадбиркорлар билан юзма-юз учрашилиши натижасида шу пайтга қадар 100 дан ортиқ муаммоли масалалар аниқланган. Улар тегишли тартибда туман, вилоят ва республика даражасида ҳал этиладиган тоифаларга ажратилмоқда.
Жиззах вилоят солиқ бошқармаси Ахборот хизмати