Бир неча дақиқа кифоя қилди: Францияда футболчилар ва мухлислар Ҳусановга тан берди

Улашиш:

Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Абдуқодир Ҳусанов “Ланс” таркибида янги мавсумга жиддий тайёргарлик кўрмоқда.

19 ёшли футболчи бегона ҳаёт тарзига кўникиши, янги талабларга мослашиши, Европадаги энг кучли беш чемпионат қаторига кирувчи лигада вице-чемпион бўлган жамоада асосий таркибга кириб олиши осон бўлмайди.

Абдақодир Ҳусанов бош мураббий Франк Хейз бошчилигида олиб борилаётган машғулотларда фаол қатнашмоқда.

Ҳамюртимиз Бундеслига вакили “Вольфсбург” қарши ўтказилган ўртоқлик ўйинида бир неча дақиқа ҳаракат қилди. Ўйини мураббийларга ҳам, жамоадошларига ҳам, мухлисларга ҳам ёқди.

Sports.uz портали “Ланс” ҳужумчиси Морган Гилавоги ва франциялик футбол ишқибозларининг ушбу мамлакатдаги илк ўзбек футболчиси – Абдуқодир Ҳусанов ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини эътиборингизга ҳавола этади.

Морган Гилавоги (“Ланс” ва Гвинея терма жамоаси ҳужумчиси):

Биз машғулотлар жараёнида бир биримизга қарши ўйнадик. Шунга қарамай, машғулотлар жараёнида ташкил қилинган икки томонлама ўйинларда бир томон бўлиб кўпроқ бирга ҳам тўп тепдик.

Ҳусанов ёш бўлишига қарамай, жуда яхши савиядаги ўйинчи экан. Фақат бир муаммо – мулоқот қилишда қийинчилик бор.

Абдуқодир майдонда жуда хотиржам, техник жиҳатдан жуда тоза ўйнаяпти. Келажаги бор. 

Teitur62:

Асосий ҳимоячилардан Кевин Дансонинг кетишини инобатга олсак, бу трансфер айни муддао бўлади. Биз Ҳусановни келажак учун тайёрлашимиз керак.

Rcl83:

Ҳусанов секин-аста асосий таркибга кириб боради. Тез орада бир йилдан кейин кетиши кутилаётган Дансонинг ўрнини эгаллайди. Бу вақт ичида Абдуқодир тилимизни ҳам ўрганиб олади. Олға, Ҳусанов!

FD:

Тан олишим керакки, унинг майдондаги ўйини менда катта таассурот қолдирди. Ҳусанов майдонда хотиржамлиги билан ажралиб турди ва бу унинг ўзига ишонган кучли ҳимоячи эканидан далолат беради.

Weedomaker:

Мени Абдуқодирнинг ўйинни ўқий олиш қобилияти ҳайратга солди. Бу қобилият унинг ҳаракатларига ишонч бағишламоқда. Бу катта плюс.

Ҳусановнинг ҳаракатларини YouTube каналидаги видеороликларда томоша қилгандим. Абдуқодир ақлли ўйин кўрсатмоқда. Бу футболчининг трансфери кўрсатилганидек, 400 минг еврога арзийди. Агар ақлбовар қилмас даражада ўсишда давом этса, нархи кескин кўтарилиши аниқ. Энди у ўз маҳоратини майдонда кўрсатиши керак.

Julio59:

Ўзбекистонлик футболчи Абдуқодир Ҳусановнинг ҳаракатлари маъқул келди. Бу қолганлар ҳам яхшироқ интилиш кераклигини англатади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.