Россия суди бош бармоқни юқорига кўтарган эможини ҳужжатдаги имзога тенглаштирди. Бу ҳақда Telegram асосчиси Павел Дуров хабар берди.
Суд қарорига кўра, эможи юридик кучга эга бўлиши мумкин, чунки у одатда “яхши” деган маънони англатади. Адвокатларнинг билдиришича, бу Россия суд амалиётида биринчи марта кузатилмоқда.
Суд бундай қарорни икки тадбиркор ўртасидаги олди-сотди ишини кўриб чиқиш жараёнида қабул қилган. Гап шундаки, якка тартибдаги тадбиркор 2022 йил март ойида Volkswagen Т1 ретро фургон кўринишидаги кўчма савдо киоскини етказиб бериш бўйича олди-сотди шартномасини тузган. Шартнома 2022 йил 30 июнгача бажарилиши керак эди. Харидор 479,5 минг рубль (қарийб 49 минг АҚШ доллари) миқдорида депозит тўлади.
Аммо компания фургонни вақтида етказиб бермади. Кейин харидор суд орқали омонатни қайтаришни талаб қилди. Компания эса томонлар қўшимча келишув тузмагани сабаб ишни якунлай олмаслигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, харидор киоск рангини кўрсатмаган ва у рангни тасдиқламаса компания ишни ўз вақтида тугата олмайди.
Бироқ суд томонларнинг WhatsApp'даги ёзишмаларини кўриб чиқди ва киоск ранги харидор томонидан тасдиқланган, деб топилди. Чунки ёзишмада компания киоскни сариқ чизиқ билан оқ рангга бўяшни таклиф қилган ва бунга жавобан харидор “бош бармоғи” эможисини жўнатган.
Шу тариқа биргина эможи сабаб харидор суд ишида ютиб чиқди ва “бош бармоқ” белгиси тасдиқлаш ва имзо ўрнида қабул қилинади.