Ўзбекистонда эндиликда электр энергиясини ўртача ойлик меъёрдан кўп ишлатганлар 4 бараваргача кўпроқ тўлайди

Улашиш:

Энергетика вазирлиги ўсувчан тариф нархлари аҳолининг 98 фоизига таъсир қилмаслигини билдирди.

Ўзбекистонда 2023 йилнинг 1 ноябридан бошлаб электр энергиясини ўртача ойлик истеъмолдан юқори сарфлаган истеъмолчилар 4 бараваргача кўпроқ солиқ тўлайди. Аммо ўсувчан коэффициент аҳолининг фақат 2 фоиз қисмига таъсир қилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев маълум қилди.

Қайд этилишича, ойлик электр истеъмоли миқдори 1001 киловаттдан 5000 киловаттгача бўлганда белгиланган тарифга нисбатан 2 баравар, 5001 киловаттдан 10 минг киловаттгача бўлганда 3 баравар, 10 минг киловаттдан юқори истеъмол учун эса 4 баравар кўп солиқ тўланади.

Бу бўйича ўзгаришлар Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 июлдаги 245-сонли қарори билан тасдиқланган ва 1 ноябрдан кучга киради.

Ҳасан Тошхўжаевга кўра, ижтимоий тармоқларда ушбу янгилик турлича баҳоланмоқда. Унга кўра, таъкидланишича, ўсувчан коэффициент аҳоли истеъмолчиларининг 98 фоизига мутлақо таъсир қилмайди. Чунки мамлакатдаги 7 миллион 589 мингдан зиёд абонентнинг атиги 146 мингдан ортиғи 1000 киловатт/соатдан кўп электр энергияси ёқади холос. Уларнинг атиги 10 минг нафаригина ойига 5 минг киловатт/соатдан ошиқ, бор-йўғи, 4 мингдан ортиқ истеъмолчи эса ойига 10 минг киловатт/соатдан зиёд электр энергияси истеъмол қилади.

«Бизни хурсанд қиладиган жиҳати, бу янгиликни кўпчилик соғлом ақл билан тўғри қабул қиляпти ва қўллаб-қувватламоқда», деб ёзади Тошхўжаев.

Хусусан, иқтисодчи Отабек Бакиров ушбу қарорни «инқилобий қадам» деб атаган.

Энергетика вазирлиги матбуот котибининг изоҳ беришича, бунда тариф нархи ошмайди ва аввалгидек 295 сўм миқдорида қолади. Аммо одамларда тежамкорлик кайфиятини кучайтириш ҳамда «яширин иқтисодиёт» унсурларига барҳам бериш учун қўшимча ўсувчан коэффициент қўлланилиши назарда тутилмоқда.

Бунда бир ойда 1000 киловатт/соат электр энергияси сарфлаган истеъмолчи 295 сўмдан жами 295 минг сўм тўлайди. Аммо ўртача миқдордан кўп электр токи сарф қилинса, солиқ миқдори қуйидагича ошиб боради:

  • 1001 киловатт/соатдан 5000 киловаттгача – 590 сўмдан 2 миллион 360 минг сўм;
  • 5001 киловатт/соатдан 9420 киловатт/соатгача – 3 миллион 911 минг 700 сўм, жами 6 миллион 566 минг 700 сўм тўлов қилинади.

Ўсувчан коэффициентгача эса бир ойда 9420 киловатт/соат сарфлаган истеъмолчи бунга 2 миллион 778 минг 900 сўм тўлаган.

Яъни у бир ойда 6 миллион 358 минг 500 сўм шартли субсидия олгани ҳолда, аҳолининг қолган 98 фоиз қисмидан кўра бир неча ўн карра кўпроқ электр энергиясини истеъмол қиларди. 1 ноябрдан кейин бунга чек қўйилади.

Худди шу ўсувчан тариф 10 минг киловатт/соатдан зиёд ток ишлатадиганларга ҳам қўлланилмоқда. Энди кимда-ким ҳолатда бундан кўп «свет» ёқилса, у учун белгиланган тарифга нисбатан 4 баробар ўсувчи коэффициент қўлланилади.

Яъни, бир ойда 12 минг 400 киловатт/соат электр сарф қилинса, унга қуйидагича тўлов қилинади.

  • 1000 киловатт/соатгача – 295 сўмдан – 295 минг сўм/;
  • 1001 киловатт/соатдан 5000 киловатт/соатгача – 590 сўмдан – 2 миллион 360 минг сўм;
  • 5001 киловатт/соатдан 10 минг киловатт/соатгача – 885 сўмдан – 4 миллион 425 минг сўм;
  • 10 минг киловатт/соатдан 12 минг 400 киловатт/соатгача – 1180 сўмдан – 2 миллион 832 минг сўм;

Жами: 9 миллион 912 минг сўм.

1 ноябргача эса худди шунча миқдорда электр энергияси истеъмол қилган абонент 3 миллион 658 минг сўм тўларди холос. Шу билан бирга, у давлатдан 8 миллион 370 минг сўм шартли субсидия ҳам оларди.

«Хуллас, бу ўсувчан коэффициентлар адолатли ҳамда энергия тежамкор ва энергия самарадор ечим бўлмоқда», дейилади хабарда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.