"Ўзбекистонда антисемитизм муҳокамалари кўпайганига гувоҳ бўлдик". Исроил элчиси ўз мамлакати фуқаролари бизга ташриф буюрмаслиги сабабларини тушунтирди

Улашиш:

Фаластин-Исроил можароси дунёнинг кўплаб мамлакатларида антисемитизм кайфиятининг кучайишига олиб келди, шу аснода исроилликлар учун саёҳатлар хавфли бўлиши мумкин. Ўзбекистон ҳам ушбу давлатлар қаторига кирган: Исроил ўз фуқароларига мамлакатимизга саёҳат қилмасликни маслаҳат бермоқда.  

Эслатиб ўтамизки, Исроил Миллий хавфсизлик Кенгаши (МХК) ўтган ҳафта тегишли огоҳлантиришни эълон қилган. Бориш тавсия қилинмаган мамлакатлар рўйхатида нафақат Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари, балки Африка, Ғарбий Европа, Жанубий Америка, Австралия, Россия ва бошқалар ҳам бор.

Ушбу қарорнинг тафсилотлари ҳақида мухбиримизга Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси Зеавит Бен Хилел тушунтириб берган. Унинг фикрича, Ўзбекистонда интернетда антисемитизм ва Исроилга қарши мунозаралар кучайиб бормоқда, бу эса исталмаган оқибатларга олиб келади.

"Темир қиличлар” операцияси бошланганидан бери бутун дунё бўйлаб исроилликлар ва яҳудийларга қарши душманлик сезиларли даражада ошди. Террористик ҳужайралар исроилликлар ва яҳудийларга ҳар қандай жойда зарар етказиши мумкин. Ўзбекистонда интернетда антисемитизм ва Исроилга қарши мунозараларнинг кучайишига гувоҳ бўлдик, бу эса зўравонлик ҳодисаларига, яҳудийлар ва исроилликларга жисмоний зарар ва яҳудий муассасаларига зарар этказишга олиб келди", – дея изоҳ берди дипломат.

Шунингдек, унинг таъкидлашича, минтақада ёвуз ниятли шахслар Ўзбекистонга кириши мумкин бўлган мамлакатлар мавжуд. Шу асосда Исроил хавфсизлик идоралари яҳудийлар ва исроилликларга таҳдид даражаси ошган, деган хулосага келишган ва исроилликларга Ўзбекистонга ҳар қандай муҳим бўлмаган саёҳатларни қайта кўриб чиқиш тавсия этилган огоҳлантириш беришган.

Таъкидлаш жоизки, ижтимоий тармоқларда кундалик суҳбатлар даражасида Тошкентда яҳудийлар калтаклангани, оғир яраланганлар борлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Бундан ташқари, яҳудий қабристонларида ёдгорликларга зарар етказилмоқда ва ҳеч қандай чоралар кўрилмаяпти, деган мазмундаги маълумотлар бор. Бироқ, бундай миш-мишлар расмий тасдиқланмади.

Ўзбекистон ҳам, бошқа Марказий Осиё мамлакатлари сингари, Исроил фуқаролари учун учинчи даражали хавфли мамлакатлар тоифасига киритилган. Бундай вазиятда МХК зарур деб ҳисобланмайдиган саёҳатлардан воз кечишни тавсия қилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.