Ўзбекистоннинг Осиё кубогидаги энг хавфли футболчиси ким?

Улашиш:

Осиё футбол конфедерацияси қитъанинг энг нуфузли мусобақаси – Осиё кубоги олдидан иштирок этадиган жамоаларнинг етакчи ўйинчилари ҳақида маълумот бермоқда.

Маълумки, навбатдаги қитъа чемпионатига Қатар мезбонлик қилади. Мусобақа 12 январдан 10 февралга қадар давом этади.

Элдор Шомуродовнинг “Кальяри” машғулотларидан бирида оғир жароҳат олгани ва Осиё кубоги бошлангунга қадар майдонга қайтиш эҳтимоли жуда камлиги айтилмоқда. Бу нафақат Ўзбекистон миллий терма жамоаси, балки турнир ташкилотчилари учун ҳам катта йўқотиш ҳисобланади. Чунки мусобақада дунёнинг энг кучли лигаларида ўйнайдиган юлдузларнинг тўп тепиши ўша турнир мавқеини оширади ва унга эътиборни жалб этади.

Осиё футбол конфедерацияси экспертлари Шомуродовнинг мусобақада қатнашиши сўроқ остида қолаётганини инобатга олиб, Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги энг муҳим фигура сифатида Жалолиддин Машариповни кўрсатди.

Мақолада шундай келтирилади:

- Сречко Катанец жамоасида энг катта тажрибага эга ўйинчилардан бири сифатида Жалолиддин Машарипов етакчиликни ўз қўлига олади ва тажриба ҳамда ёшлик иштиёқини уйғунлаштиришга ҳаракат қилади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихидаги биринчи Осиё кубогига эга  чиқиш учун курашади.

Машарипов Ўзбекистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва Грециядаги клубларида кузатилгани каби қанотлардан ҳужум уюштириш орқали жамоа етакчиси эканини намойиш қилади.

Ҳозир Грециянинг “Пансеррайкос” жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган 30 ёшли вингер терма жамоа сафида 53 та учрашувда рақиблар дарвозасига 11 та тўп киритган.

Ўзбекистон Суперлигасида “Пахтакор”, Бирлашган Араб Амирликлари чемпионатида “Шабаб Ал-Аҳли”, Саудия Арабистони Профессионал лигасида “Ан-Наср” жамоаларида ўйнаган.

Ўнақай вингер терма жамоа бош мураббийи Сречко Катанец қўл остида асосан чап қанотда ўйнайди. У жарима майдончаси ичидаги ҳужумчиларга аниқ пас орқали қулай вазият яратиб беради.

Машарипов универсал футболчи. Жалолиддин майдон марказида ва ўнг қанотда ҳам бирдек самарали ўйнай олади.

Машарипов стандарт вазиятларда рақибларга ҳақиқий хавф туғдиради. Унинг ҳар қандай масофадан йўллаган зарбалари дарвозага аниқ етиб боради ёки жамоадошларига узатилган пас бўлиб чиқади. Бу футболчи бурчак тўпларини ҳам жамоадошларига аниқ етказиб беради.

Жалолиддин Машарипов халқаро янгилик тармоғида 2023 йилнинг бошида анча машҳур бўлиб кетди. Чунки ўзбек футболчиси “Ан-Наср”га келган Криштиану Роналдуга ўзига тегишли бўлган 7-рақамни бўшатиб берган.

Жалолиддин Машарипов Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Мексика, Вьетнам, Хитойга қарши ўйинларида сардорлик вазифасини бажарди. Элдор Шомуродовнинг жароҳати туфайли Машарипов Қатардаги Осиё кубогида ҳам ўз мамлакати терма жамоасига сардорлик қилади, - деб ёзди Осиё футбол конфедерацияси расмий сайти.

Эслатиб ўтамиз, ҳамюртларимиз қитъа чемпионатининг гуруҳ босқичида Сурия, Ҳиндистон ва Австралия терма жамоалари билан куч синашади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.