Энди мактаб ўқувчиларига иккинчи чет тили ҳам ўқитилади

Улашиш:

Энди Ўзбекистон мактабларида ўқувчилар рус ва инглиз тили билан бир қаторда хитой, немис, француз, корейс, инглиз ва япон тилларини ҳам ўрганиши мумкин.

Бу ҳақда Президентнинг «Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини хорижий тил ва замонавий касбларга ўқитиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида гап боради. 

Белгиланишича, 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларида хорижий тилларни ўқитишнинг қуйидаги тартиби жорий этилади, унга мувофиқ:

  • 5–9-синфларда хорижий тилга ўқитиш интенсивлигини ошириш орқали ўқувчиларда базавий билим ва нутқий кўникмалар шакллантирилади;
  • 10–11-синфларда хорижий тилни ўқитишда асосий эътибор ўқувчиларнинг академик ёзув ва гапириш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилади;
  • «Фанларни чуқурлаштириб ўқитиш» йўналиши доирасида хорижий тил фанини танлаган ўқувчилар 10–11-синфларда иккинчи хорижий тилга ўқитилади.

Шунингдек, ушбу ҳужжат билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига 2024 йил 1 майга қадар 11-синфда иккинчи хорижий тилнинг камида А2 даражада ўзлаштирилишини назарда тутувчи хорижий тил фани бўйича ўқув режа ва дастурларни такомиллаштириш вазифаси ҳамда йил якунига қадар умумий ўрта таълим муассасаларига хитой, немис, француз, корейс, инглиз ва япон тиллари бўйича малакали мутахассисларни жалб қилиш бўйича вазифалар юкланган.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.