Суриядаги террорчилар сафига қўшилган яна бир ўзбекистонлик қидирувга берилди

Улашиш:

34 ёшли Миролим Мирсамиғович Ўлмасов қидирувга берилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълум қилди.

Қайд этилишича, 1990 йилда Тошкент шаҳрида туғилган "Абдул Зуфар" лақабли Миролим Ўлмасов 2018 йилда ишлаш баҳонасида Туркияга кетган, у ердан "Таҳрир Уш-Шом" террорчилик ташкилотига бирлашиш мақсадида Сурия давлатига ўтиб террорчилар сафига қўшилган.

Ўлмасов Туркияда бўлган вақтида тури интернет сайтларидан диний-экстремистик оқимлар, халқаро террористик ташкилотлар вакилларининг ғоявий раҳнамолари – Содиқ Самарқандий, Абдуллоҳ Зуфар, Абу Салоҳ ва бошқаларнинг ҳижрат ва жиҳодга чорловчи маърузаларини эшитиб юради. Ақидапарастлик ғояларидан таъсирланган Миролим жиҳод амалларини бажариш ҳамда мужоҳид биродарлари сафига қўшилишни мақсад қилади ва ноқонуний йўллар орқали Сурияга ўтиб қуролли тўқнашувларда иштирок этади.

Фуқаро ақидапарастлик ғояларига берилиб кетганидан орадан узоқ вақт ўтишига қарамай оиласи билан алоқага чиқмайди. Биргина 2020 йилда синфдош дўсти билан Telegram мессенжери орқали гаплашган Ўлмасов Суриядалигини исботловчи расмни жўнатади. 

Миролим Ўлмасов 2020 йилдан бошлаб "Жиҳодчилар" диний-экстремистик оқими аъзоси сифатида рўйхатга олинган ва унга нисбатан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан расмий қидирув эълон қилинган.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.