Жорий йилнинг 02 май куни ижтимоий тармоқларда юрист Расул Кушербаев томонидан "Фуқаролар учун ишламайдиган бунақа идоранинг нима кераги бор?" сарлавҳаси билан Бюронинг Жиззах ва Қашқадарё вилоят бошқармалари томонидан фуқароларга компенсация маблағлари ундириб берилмаётганлигини маълум қилинган.Р.Кушербаев назарда тутган, Зомин туман хокимлигидан фуқаро Г.Хорунованинг фойдасига компенсация пулларини ундириб бермаётганлиги" ҳақидаги мурожаати бўйича суд ҳужжатига кўра, қарздор Зомин туман ҳокимиятидан фуқаро Г.Хорунова фойдасига 1.171.022.257 сўм зарар ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг Зомин туман бўлими иш юритувига онлайн тарзда электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда юборилган.
Бюджет кодексининг VII бўлим 19-боб 128-моддасида, ундирувни Давлат бюджети маблағларига қаратишни назарда тутувчи ижро ҳужжатларини ижро этиш молия органлари томонидан тегишли бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши кўрсатилган.
Шунингдек, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунининг 83-моддасининг 1-қисмига асосан (ушбу Қонуннинг 82-моддасида кўрсатилган айрим тоифадаги ижро ҳужжатлари тегишли давлат органига, ташкилотга ёки унинг мансабдор шахсига тақдим этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши белгиланган.
Ушбу мурожаат юзасидан ундирувчи томон вакилига тўлиқ тушунтириш берилган.
Бундан ташқари, ижро варақасига асосан, қарздор Миришкор тумани ҳокимлиги ҳисобидан “SABOXAT GULG‘UNCHALARI” номли нодавлат мактабгача таълим муассасаси фойдасига 1 млрд. 20 млн. 876 минг сўм зарар ва бошқа маблағларни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати иш юритувига келиб тушган ва қарздор Миришкор туман ҳокимлигининг балансида бўлган барча кўчмас мулкларига, автотранспорт воситаларига ҳамда ғазнадаги ҳисоб рақамларига нисбатан тақиқ қўйилиши таъминланган.
Ҳозирда ижро ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Келгусида, ҳокимликлардан ундирилган қарздорлик маблағлари ундирувчилар ўртасида тенг тақсимланиши таъминланади.
Маълумот учун, Бюро органлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида жами 14 трлн. сўмлик ундирувлар амалга оширилган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,2 трлн. сўмга (43 %) ошганлигини кўрсатмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармони билан эҳтиёжманд фуқароларни қўллаб-қувватлар учун жорий этилган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га 320 млрд. сўм маблағ йўналтирилди.
Вояга етмаган шахслар фойдасига жами 520 млрд. сўм алимент пуллари ундирилиб, 7,5 мингдан ортиқ алимент тўловчиларнинг иш бандлиги масаласи ҳал этилди ва ундирув уларнинг иш ҳақларига қаратилди.
Компенсация билан боғлиқ 1 минг 182 та ижро ишлари бўйича 490 млрд. сўмга яқин маблағлар фуқароларга ундириб берилган.