Сергели туманида “Яшил макон” акцияси доирасида экилган 10 мингдан ортиқ кўчатлар суғорилмасдан нобуд бўлмоқда.
Суғорилмаётган кўчатлар ҳақидаги хабар "Табиатни биргаликда ҳимоя қилиш" номли гуруҳида чоп этилган. Аҳолининг таъкидлашича, ўтган йилнинг ноябрь ойида "Қўшқўрғон" маҳалласидаги 2 гектар майдонда умуммиллий акция доирасида 10 мингдан ортиқ кўчат экилган. Бугунги кунда улар аянчли аҳволда.
"Баҳорда ёмғир етарли эди, барча дарахтлар илдиз отиб, ўсишни бошлади. Ёз келиши билан дарахтлар қурий бошлади, 20% аллақачон қуриган. Чунки бу ерда суғориш тизими яратилмаган. Қандай қилиб шунча дарахт экиш ва суғориш тизимини яратмаслик мумкин?",- деб ёзмоқда маҳаллада яшовчи Нодира Султонова.

Хабарда айтилишича, аҳоли маҳалла қўмитаси раисига, ҳокимликка сектор раҳбарига ва ободонлаштириш бошқармасига мурожаат қилган, бироқ дарахтлар нобуд бўлишда давом этмоқда.
"Биз, аҳоли, болалар билан челакларда сув ташиб ўзимиз суғордик, лекин қандай қилиб шунча дарахтни кўкартиришимиз мумкин?",- дея таажжубланмоқда Султонова ва ҳокимлик, Экология вазирлиги ва ободонлаштириш бошқармасига мурожаат қилиб, кўчатларни сақлаб қолишга чақирмоқда.
Эслатиб ўтамизки, баҳорда суғориш тизими бўлмаган жойларда 600 мингдан ортиқ кўчатлар экилган.