Бизнинг жамиятимизда оила энг муқаддас тушунчалардан бири ҳисобланиши ҳеч кимга сир эмас. Лекин охирги йилларда кўпайиб кетаётган, ота-боболаримизга хос бўлмаган иллат ҳисобланган ажрашишлар натижасида белгиланган алиментлар бўйича Мажбурий ижро бюросининг давлат ижрочилари томонидан ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда ва жуда кўп ҳолатларда давлат ижрочисининг ҳаракатлари бесамар кетмай алимент суммалари ундирувчига ундириб берилиши таъминланмоқда.
Лекин келажагимиз эгалари бўлган болаларимизнинг баркамол инсон бўлиб вояга етиши учун нафақат моддий томондан таъминланганлик, балки тинч-тотув оилада катта бўлиши ҳам муҳим жараёндир.
Бу нарсани яхши англаб етган Мажбурий ижро бюросининг Ш.Рашидов туман бўлими давлат ижрочилари суд ижро иши бўйича ундирувчи “она” ва жавобгар “ота”ларни яраштиришга эришишди.
Ундирувдан воз кечиш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилган тарафларнинг ижро ҳаракатлари давомида ўз даъволаридан воз кечиб, оила деган муқаддас даргоҳни сақлаб қолишлари, у ерда вояга етаётган фарзандларнинг чексиз қувончларига, қолаверса миллий анъаналаримизнинг ҳам бардавом бўлишига сабаб бўлаётганлиги эътиборга моликдир.