Мажбурий ижро бюроси Жиззах вилоят бошқармаси томонидан фаолиятида амалга оширилган ишлар ва соҳадаги янгиликлар ҳақида хабардор қилиш мақсадида брифинг ташкил этилди.
Жамиятимизда адолатнинг қарор топиши кўп жиҳатдан амалдаги суд қарорининг ижросига боғлиқ. Брифингда таъкидланишича, Бюро органлари ташкил этилганидан буён ҳозирга қадар 5 трлн. 66 млрд. сўмлик ҳужжатларнинг ижроси таъминланган.
Бугунги кунда, ижро ҳужжатларининг ягона электрон базаси тўлиқ ишга туширилиб, ҳамкор идора ва муассасалар билан Ягона электрон ҳамкорлик тизими орқали 32 та ташкилотлар билан ахборот интеграция қилинмоқда.
Масъул ташкилотлар билан ўзаро маълумот ҳамда ҳужжатлар алмашиш, мурожаатларни қабул қилиш ва ижро ишларини юритиш ҳажмини енгиллаштириш мақсадида, “MIB Portal” электрон дастурий тизими йўлга қўйилди.
Ушбу жараён аввало ходимларнинг иш ҳажмини осонлаштириш ва ижро ишлари механизмини соддалаштириш, маълумотлар айирбошлаш ва аксарият ишларнинг электрон ва шаффоф тарзда юритилишига имкон бермоқда.
Биргина мисол, кўрилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг 5 ойи давомида жами ундирув 418,3 млрд. сўм.ни ташкил этди.
Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 247 млрд. сўм ёки 58 фоизга ошганлиги кўрсатмоқда.
Шунингдек, давлат фойдасига ҳам 95,9 млрд. сўм маблағлар ундирилди.
Суд қарорлари асосида қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилган 16 нафар шахслар ишга тикланди ва тўланмай қолган 327 млн. сўмлик иш ҳақлари ундирилди.
Давлатимиз раҳбарининг 24.11.2020 йилдаги ПФ-6118-сонли Фармонига асосан - 2020 йилнинг 1 декабридан бошлаб, жиноят натижасида давлатга етказилган зарар, давлат божлари, жиноий ва маъмурий жарималар ҳамда давлат фойдасига ундириладиган бошқа турдаги маблағларнинг 50 фоизи ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлашга йўналтириб борилмоқда.
Янги тизимга мувофиқ, ўтган йили 9,0 млрд. сўмдан ортиқ ҳамда жорий йилнинг 5 ойида 8,1 млрд. сўм пул маблағлари айнан “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га ундирилди.
Бюро органларида алимент ундирувлари доимо долзарб йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Жамиятимизда оила қадриятларига юзаки ёндашиш, эр-хотиннинг ўзаро келишмовчиликлари оқибатида ажрашиб кетиши ҳолатларининг йилдан йилга ўсиши - алиментга оид ижро ҳужжатлари сонининг ортиб кетишига олиб келмоқда.
Ҳозирги кунги кўрсатгичларга кўра, 55 мингдан ортиқ ижро ҳужжатларининг 10 мингга яқини ёки ҳар 5 тадан 1 таси алимент масаласига оид ижро ишларидир.
Шунингдек, Бюро органларига келиб тушган 3,4 мингта мурожаатларнинг 2 мингдан зиёди, яъни 58 фоизи алиментга оид масалаларга тўғри келмоқда.
Мавжуд муаммоларга ўзгача ёндашиб, алимент ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари юзасидан ҳамкор ташкилотлар билан оилаларни ўзаро яраштириш ишларига эътибор қаратилмоқда.
Натижада, жорий йил давомида 394 дан ортиқ оилалар яраштирилди.
Ишсиз алимент тўловчиларни иш билан таъминлаш борасида олиб борилган тадбирлар ва меҳнат ярмаркалари натижасида 325 нафар алимент тўловчилар ишга жойлаштирилди.
Давлатимиз раҳбарининг Фармони билан – жорий йилнинг 1 март кунидан бошлаб алимент мажбуриятлари бажарилишини масофавий мониторинг қилиш бўйича тизим яратилди.
Янги тартибга кўра, ҳар бир алимент пули олувчи фуқаролар номига тегишли банк картаси расмийлаштириш ишлари бошланди ва алимент пуллари, қарздорнинг иш ҳақидан ундирувчи номига очилган янги пластик карточкаларга электрон тарзда юборилмоқда.
Ҳозирда, Бюронинг Жиззах вилоятидаги 10 мингдан ортиқ алимент олувчи фуқароларга бепул ва беғараз равишда “Алоқабанк” томонидан 9 мингдан ортиқ пластик карточкалар ишлаб чиқилиб, фуқароларга тарқатилмоқда.
Бу тизим МДҲ давлатлари орасида биринчи бор юртимизда жорий этилди ва бунинг самарадорлигини қуйидагича изоҳлаш мумкин:
– аввало, алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларининг ижроси ва ундирилишини назорат қилиш ишлари қисман автоматлаштирилади;
– алимент тўловчи ва олувчиларга қулайлик яратилади;
– алимент тўловчилар устидан доимий (масофавий) назорат ўрнатилади;
– фуқаролар мурожаатларининг кескин камайишига эришилади.
Асосийси - одатий тарздаги алимент олувчи фуқароларнинг жойлардаги Почта алоқа тармоқлари ва Мажбурий ижро бюросининг туман-шаҳар бўлимларига боришига эндиликда, ҳожат қолмайди.
Яна бир жиҳат, ходимларнинг алимент тўлови масаласида шаффофликни оширишда ортиқча инсон омилини чеклаш ва коррупцион ҳолатларни олдини олишга хизмат қилади.