Ғалладан бўшаган майдонларни ёқиб юбориш ҳам экологик ҳам иқтисодий зарар келтиради

Улашиш:

Айни кунларда дала майдонларида буғдой пишиб ҳосилга кирди. Миришкор деҳқонлар буғдойни нес-нобуд қилмасдан йиғиб-териб олиш ишларини жадал олиб бормоқдалар. Аммо баъзи ҳолларда такрорий экин экиш мақсадида ғалладан бўшаган майдонларни ёқиб юбориш ҳолатлари учрамоқда.

Шу ўринда 1 гектар ер майдонидаги бошоқли дон пояси ёқилганда атмосфера ҳавосига қанча зарарли моддалар ташланишини эслатиб ўтмоқчимиз.  Демак, 1 гектар майдондаги сомон поялар ёқиб юборилганда атмосфера ҳавосига 500 грамм азот оксиди, 379 грамм углеводород, 3 кг кул, 20 кг ис гази ва углерод оксиди (СО) гази ташланишини мутахассислар таъкидлайдилар. Шунингдек,  тупроқ структураси бузилиб, тупроқ эрозияси кучаяди ва натижада ҳосилдорлик камаяди. 1 тонна хазон ёқилганда эса  атмосфера ҳавосига 30 кг углерод оксиди ташланади. Битум ёқилганда ундан ажралиб чиққан қурум инсон организмида сил ва саратон касалликларини келтириб чиқаришиш мумкин.

Ушбу эколгик ва ижтимоий муаммоларнинг олдини олиш мақсадида Жиззах вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш шуъбаси томонидан назорат ишлари олиб бориляпти. Жумладан Арнасой тумани Экология инспекцияси томонидан олиб борилган эко-рейд тадбирларида "Ўзбеккосмос" агентлиги томонидан олинган суратлар қайта ишланиб таҳлил қилинди ва туман ҳудудида ғалладан бўшаган ер майдони ёқиб юборилганлиги аниқланди.

Ўрганишлар давомида "Олтин водий" МФЙ  Ибн Сино кўчасида яшовчи  фуқаро М.А. томонидан майдон ёқиб юборилганлиги маълум бўлди.  Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикасининг "Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида"ги  Қонунининг 4,24-моддаларининг талаблари бузилганлигини инобатга олиб, фуқарога МЖтКнинг 88-моддаси 3-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилди ва БҲМнинг уч баравари - 1 020 000 сўм жарима белгиланди.

Арнасой туман қишлоқ хўжалиги бўлимидан олинган маълумотга кўра,  "Оқбулоқ СИУ" хўжалигидаги фуқаро М.А. га тегишли бўлган контурдан ёнғин бўлган 2,5 гектар ғалла майдонининг бонитет бали 42 ҳамда тўлиқ агротехник қоидаларга амал қилган ҳолдаги ҳосилдорлиги 25,2 центнер эканлигини инобатга олиб, табиатга 3 434 296 сўмлик зарар етказилганлиги бўйича маълумотларни келтириш мумкин.

Такрорий экин экиш учун сомон пояларини ёқиб юбориш ҳар томонлама зарар келтиришини эслатиб ўтмоқчимиз. Бу ҳолат  нафақат атроф-муҳитни ифлослантириб, тупроқ унумдорлигини пасайтиради, балки чорва моллари  ва уларнинг озуқасига путур етказиб, жамиятга иқтисодий зарар келтиради.

Жиззах вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.