«Пул-бахт формуласи»ни ўйлаб топган одам

Улашиш:

2002 йили Нобел мукофоти лауреатига айланган иқтисодий психолог Даниэл Канеман 90 ёшида вафот этди.

У иқтисодий фанларнинг энг асосий «қайта қурувчилари»дан бўлган. 1970-йиллардан бошлаб, иқтисодиётнинг ўзи ва унда қарорлар қабул қилиш тизими мураккаблашиб бораётган бир шароитда, бу фанга қўшни фанлар мутахассислари — психологлар, антропологлар, маданиятшунослар, тарихчилар ва бошқаларнинг кириб келиши авж олади. Канеман шулардан бири эди.

Канеманнинг мақсади «бизнес учун математика» ўлароқ кўриладиган иқтисодиётни оддий мактаб битирувчиси ҳам тушунадиган фанга айлантириш бўлган.

Хусусан, у иқтисодчи Ангус Дитон билан биргаликда оддий ва тушунарли қоидани ўйлаб топган: Бахт деган субъектив ҳиссиёт даромадга қанчалик боғлиқ? Бу қоидага кўра, америкаликлар бахт даражаси ошганини даромадлари йилига 75 минг долларга етганида сезадилар. Худди шу нуқтадан ўтиб, фаровонлик ўсишининг бахт ҳиссига таъсири тўхтайди — миллионерлар, ҳатто миллиардерлар, улкан бойлигига қарамасдан, худди тўлақонли ўрта синф билан бир хилда субъектив бахтлидирлар. Камбағаллар эса деярли ҳар доим — бахтсизлар қаторида...

Канеман бошқарувчилар учун бир нечта қизиқ психологик ғояларни таклиф қилган.

Жумладан, Гэри Кляйн билан биргаликда менежерларга pre mortem (лотинча «ўлим фактига қадар») воситасидан фойдаланишни қаттиқ тавсия қилган. Одатда бошқарувчи-раҳбарлар стратегик қарорлар қабул қилишда оптмистик ҳисоб-китобларга таянадилар, бу икки иқтисодчи эса аксинча — пессимистик нуқта назардан ёндашувни илгари суришди. Канеман буни шундай тушунтирган:

«Дейлик, бир гуруҳ раҳбарлар қандайдир муҳим қарор арафасида учрашдилар: қарор тайёр, у қандай бўлиши барчага маълум. Бу босқичда одатда қарор қандай ижобий натижаларга олиб келиши ҳақида гаплашилади, кейин протоколга «Қабул қилинди» деб ёзиб қўйишади. Pre mortem эса бошқача йиғилиш, унда йиғилганларга биргина савол берилади: «Келинг, тасаввур қилайлик, орадан икки йил ўтди — қарорни қабул қилиб бўлганмиз, аммо натижасини кўрмаяпмиз. Тасаввур қилишга уриниб кўринг, нега бундай бўлди, қачон ва нима ишнинг белига тепди, шуни ёзинг. Ҳар бир қатнашчи эҳтимолий инқироз ҳақида ўз муносабатини билдиради.

Бунинг моҳиятини тушунтираман. Муайян масала бўйича қарор қабул қилиш учун ҳамма йиғилган пайтда, умумий кўтаринкилик фонида пессимист бўлиб қолмаслик учун, ҳар бир қатнашчи ўз шубҳа-гумонларини билдириш, муаммони кўрсатишга қийналади. Айнан pre mortem босиб турилган шубҳаларни очиқлашга йўл беради».

Pre mortem сиёсий қарорлар учун ҳам мувофиқ келади, аммо бу бутунлай бошқа мавзу.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.