Ўзбекистон БМТнинг Исроилдан босиб олинган Фаластин ерларини тарк этишни талаб қилган резолюциясини қўллаб-қувватлаган 124 давлат қаторига кирган.
ТАСС маълумотларига кўра, БМТ Бош Ассамблеяси Фаластин томонидан тақдим этилган резолюция лойиҳасига розилик овозини берган, унга кўра Исроил Халқаро суд қарорини бир йил ичида бажариши керак.
Ҳужжатни Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия, Белгия, Бразилия, Қатар, Хитой ва Франция каби 124 давлат қўллаб-қувватлаган. Лойиҳага 14 мамлакат, хусусан Венгрия, Исроил, АҚШ ва Чехия қарши чиққан, яна 43 давлат овоз беришдан бош тортган.
Қарорни қабул қилиш учун овозларнинг учдан икки қисми керак эди. Бу БМТ Бош Ассамблеясида ўз ҳуқуқлари кенгайганидан бери Фаластиннинг овоз бериш учун таклиф қилинган биринчи ҳужжатидир.
Шунингдек, БМТ БА резолюциялари хавфсизлик Кенгаши ҳужжатларидан фарқли ўлароқ, мажбурий юридик кучга эга эмаслиги қайд этилган.
Фаластин резолюцияси лойиҳасида жами 18 та банд мавжуд. Исроил томонидан босиб олинган Фаластин ҳудудида ноқонуний бўлишини тугатишни талаб қилишдан ташқари, Фаластин халқаро ҳуқуқ бўйича мажбуриятларни бажаришни, шу жумладан Исроил қуролли кучларини Фаластин ерларидан, шу жумладан ҳаво ва денгиз ҳудудидан олиб чиқишни талаб қилмоқда.