Депутатлик сайловида муддатидан олдин овоз бериш саналари белгиланди

Улашиш:

Муддатидан олдин овоз бериш 16−23 октябрь кунлари бўлиб ўтади.

8 октябрь куни ўтган Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз беришларини ташкил қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашга доир ва бошқа масалалар кўриб чиқилди. Бу ҳақда МСК матбуот хизмати хабар берди.

Мажлисда сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар учун 16−23 октябрь кунлари муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди.

Бу кунлари сайлов участкаларида овоз бериш вақти қуйидаги муддатда давом этади:

иш кунлари соат 09:00 дан 18:00 га қадар;

дам олиш кунлари эса соат 11:00 дан 17:00 га қадар.

Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш ушбу сайлов участкалари жойлашган давлатдаги маҳаллий вақт билан соат 9:00 дан 18:00 га қадар амалга оширилади.

Қайд этилишича, сайловда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 11 нафар ва маҳаллий кенгашларга 605 нафар ногиронлиги бўлган шахслар депутатликка номзод сифатида рўйхатга олинган.

Сайлов комиссиялари таркибида эса 1343 нафар ногиронлиги бўлган шахслар фаолият кўрсатиб келмоқда. 830 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган сайловчиларга кўмак берувчи волонтёр бириктирилмоқда.

Бундан ташқари, МСК қарори билан Туркий давлатлар парламент ассамблеясининг 19 нафар, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, МДҲ Парламентлараро ассамблеяси, Россия ва Хитойдан 2 нафардан, АҚШнинг 3 нафар ҳамда Буюк Британия, Латвия, Литва, Франция, Ҳиндистон ва Япониянинг 1 нафардан вакиллари, жами 36 нафар хорижий ва халқаро кузатувчилар аккредитациядан ўтказилди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.