Ўзбекистон ва Озарбайжон фуқаролари учун хорижий паспорт ўрнига биометрик ID-карталардан фойдаланиб саёҳат қилиш имконияти муҳокама қилинмоқда. Ушбу масала икки давлат миграция хизматлари ва Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари ўртасидаги онлайн музокараларда кўриб чиқилди.
"Дунё" нашрининг хабар беришича, агар ташаббус маъқулланса, Ўзбекистон ва Озарбайжон фуқаролари чет эл паспортини расмийлаштирмасдан чегарани кесиб ўтишлари мумкин бўлади. Бу эса саёҳатларни анча осонлаштириши кутилмоқда.
Ушбу қадам икки давлат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, миграция тартиб-қоидаларини енгиллаштириш ва мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий ҳамда сайёҳлик ҳамкорлигини ривожлантиришга ёрдам бериши мумкин.
Маълумот учун, 2023 йил сентябрь ойидан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари ID-карта билан Қирғизистонга киришлари мумкин. Шунингдек, Ўзбекистон Қозоғистон ва Тожикистон билан ҳам шундай тартибни жорий этишни режалаштирмоқда.