Анор фойдали хусусиятлари билан тиббиёт ва озиқ-овқат соҳасидаги мутахассисларни қизиқтириб келмоқда. У юрак-қон томир тизими учун фойдали таъсир кўрсатиши, яллиғланишга қарши хусусиятларга эга бўлиши ва турли касалликлар хавфини камайтириши илмий жиҳатдан тасдиқланди.
Гастроэнтеролог Евгений Белоусовнинг таъкидлашича, анор холестерин даражасини пасайтириш, атеросклерознинг олдини олиш, юрак хуружи ва инсулт хавфини камайтиришда ёрдам беради. Шунингдек, у диабет ва депрессияга қарши самарали восита сифатида тавсия қилинади. Бундан ташқари, анор таркибидаги антиоксидантлар онкологик касалликларнинг ривожланишига тўсқинлик қилиши мумкин.
Яқинда ўтказилган тажрибалар анорнинг Алцгеймер касаллигига қарши курашда ҳам фойдали бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Сичқонлар устидаги тажрибалар шуни тасдиқлайдики, анор таркибидаги моддалар мия фаолиятини қўллаб-қувватлайди ва нейродегенератив жараёнларни секинлаштириши мумкин.
Анор таркибида кўк чойга қараганда уч баравар кўп антиоксидантлар, шунингдек, темир, калий, калций ва фосфор мавжуд. У паст калорияли (100 граммда 72 ккал) бўлгани учун парҳезбоп маҳсулот ҳисобланади.
Бу тадқиқотлар анорни нафақат кундалик овқатланиш учун фойдали маҳсулот, балки турли касалликларга қарши табиий восита сифатида ҳам тавсия этиш мумкинлигини кўрсатмоқда.