Контрафакт ҳужуми: Uzum, Olcha ва Glotr'да қалбаки бренд маҳсулотлар аниқланди

Улашиш:

Ўзбекистон Адлия вазирлиги мутахассислари томонидан олиб борилган мониторинг натижасида Uzum Market, Olcha ҳамда Glotr каби йирик маҳаллий онлайн савдо платформаларида юзлаб контрафакт маҳсулотлар сотилаётгани аниқланди.

Вазирлик маълумотларига кўра, фақатгина Uzum Market'да 220 дан ортиқ, Olcha ва Glotr сайтларида эса тахминан 50 тадан қалбаки маҳсулот реклама қилиниб, савдога чиқарилган.

Аниқланган қалбаки товарлар асосан кийим-кечак, косметика ва маиший техника каби маҳсулотлар тоифасидан бўлиб, улар дунёга машҳур Puma, Lacoste, Adidas, Chanel, Eclat, Gucci, Samsung, Bosch каби брендлар номи остида сотилган.

Ҳуқуқ эгаларининг мурожаатлари асосида Uzum Market маълум миқдордаги шубҳали товарларни савдодан олиб ташлаган. Қолган ҳолатлар бўйича маълумотлар тегишли бренд эгаларига юборилган бўлиб, уларнинг расмий муносабатидан сўнг қонуний чоралар кўрилиши кутилмоқда.

Адлия вазирлиги ушбу ҳолатлар орқали тадбиркорларга яна бир бор мурожаат қилиб, интеллектуал мулк ҳуқуқларига эҳтиёткорлик билан ёндашиш, қонунбузарлик ҳолатларини эса ўз вақтида хабар қилишни тавсия этди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.