2025 йил 1 июндан бошлаб йўл чизиқларини босиш ҳолати автоматлаштирилган радарлар орқали қайд этилмайди. Президент топшириғига асосан аҳоли таклифларини инобатга олган ҳолда ҳайдовчиларга қулайлик яратиш ва муаммоларни ҳал этиш мақсадида Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, фақат “тўхташ чизиғи” – стоп-линия (5.33 белги) бундан мустасно. Яъни, ҳайдовчи йўл чизиғини босган тақдирда, бу ҳолат радар ёки камералар орқали қайд этилмайди ва автоматик жарима ёзилмайди. Аммо ЙПХ ходими томонидан аниқланса, қонунбузарлик расмийлаштирилади.
Ҳайдовчилар учун янги қулайликлар
Йўл ҳаракати қоидаларига бир қатор ўзгаришлар киритилди:
1. Жамоат транспорти йўлакларида енгиллик:
Бугундан бошлаб “А” ҳарфи билан белгиланган жамоат транспорти учун ажратилган йўлакларда соат 23:00 дан 06:00 гача барча турдаги транспорт воситаларининг ҳаракатига рухсат берилди.
2. “Тўхташ” ва “тўхтаб туриш” тақиқланган белгилари қайта кўриб чиқилади:
Заруратсиз ўрнатилган белгилар олиб ташланади. Улар тегишли қўшимча ахборот белгилари билан алмаштирилади. Масалан, “7:00–21:00” деб кўрсатилса, фақат ушбу вақтда тақиқ амал қилади, қолган пайтларда тўхташ мумкин бўлади.
3. Темирйўл кесишмаларида янги тартиб:
“Стоп” белгилари ўрнига бошқарилувчи светофорлар ўрнатилади. Бу ҳайдовчиларнинг беҳуда тўхтаб туришига барҳам бериб, ҳаракат самарадорлигини оширади.
Йўл таъмири энди фақат кечаси олиб борилади
2025 йил 1 июндан бошлаб, шаҳарлардаги йўл таъмири ва чизиқ чизиш ишлари фақат соат 21:00 дан 07:00 гача амалга оширилади. Бу ўзгаришлар ишга кетиш, фарзандни мактабга етказиш ёки шифохонага бориш каби кундалик ҳаракатларни осонлаштиради ва тирбандликларни камайтиради.
“Радар” белгисини ўрнатиш мажбурий бўлади
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб, стационар ёки мобиль радарлар ўрнатилган ҳудудларда “Радар” йўл белгисини 250–500 метр масофада ўрнатиш мажбурий бўлади.
Амалга оширилаётган мазкур ўзгаришлар ҳайдовчилар учун қулай ва адолатли транспорт муҳитини яратишни кўзда тутади.