Трампнинг янги фармони: 12 давлат фуқаролари учун АҚШга кириш тақиқланди

Улашиш:

АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 12 давлат фуқароларининг мамлакатга киришини тақиқлаш ҳақидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда CBS News телеканали хабар берди.

Фармонга кўра, қуйидаги мамлакатлар фуқароларига АҚШ ҳудудига кириш вақтинча тақиқланади:
Афғонистон, Мянма, Чад, Конго Республикаси, Экваториал Гвинея, Эритрея, Гаити, Эрон, Ливия, Сомали, Судан ва Яман.

Бундан ташқари, яна етти давлат фуқароларига нисбатан қисман чекловлар жорий этилди. Улар:
Бурунди, Куба, Лаос, Серра-Леоне, Того, Туркманистон ва Венесуэла.

Фармонда таъкидланишича, мазкур чекловлар АҚШнинг миллий хавфсизлигини мустаҳкамлаш мақсадида киритилмоқда. Чекловга тушган мамлакатларда шахсларни тўлиқ ва ишончли тарзда текшириш механизмлари етарли эмаслиги, шунингдек, визаларнинг муддати ўтиб кетган ҳолатлари кўп учраётгани қайд этилган.

Шу билан бирга, айрим тоифадаги шахслар ушбу тақиқдан мустасно этилади. Жумладан:

  • Икки фуқароликка эга бўлган шахслар,

  • Хорижий давлатлар дипломатлари,

  • Халқаро спорт мусобақаларида иштирок этувчи спортчилар,

  • Вақтинча фуқаролик визасига эга бўлган айрим мутахассислар.

Фармон жорий этилган пайтдан бошлаб амалга кирди ва унинг ижроси барча тегишли давлат органлари томонидан назорат қилинади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.