2025 йилнинг январь–апрель ойларида Ўзбекистонда амалга оширилган қурилиш ишларининг қарийб учдан бир қисми норасмий сектор ҳиссасига тўғри келди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълум қилмоқда.
Қўмитанинг расмий хабарига кўра, ҳисобот даврида норасмий сектор томонидан 19,9 трлн сўмлик қурилиш ишлари бажарилган бўлиб, бу жами қурилиш ишлари ҳажмининг 26,8 фоизини ташкил этди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 4,8 фоизга кўп.
Солиштирма маълумотлар (январь–апрель ойлари бўйича):
2022 йилда — 15,0 %
2023 йилда — 15,2 %
2024 йилда — 22,0 %
2025 йилда — 26,8 %
Ушбу кўрсаткичлар қурилиш соҳасида норасмий ишчи кучи ва ҳисобдан четда қолган фаолият ҳажмининг ошиб бораётганини кўрсатмоқда. Мутассаддилар фикрича, бундай ҳолат солиқ тушумлари ва меҳнат муносабатларининг расмийлаштирилишига таъсир ўтказиши мумкин.
Экспертлар мазкур тенденцияга қарши курашиш учун қурилиш ташкилотлари ва хусусий уй-жой буюртмачиларини расмийлаштириш, меҳнат шартномалари тузиш ва электрон назоратни кучайтириш зарурлигини таъкидламоқда.