Бугунги кунда фақат учта савдо нуқтаси қолган.
Қозоғистоннинг йирик чакана савдо тармоғи — Magnum Cash&Carry Ўзбекистонда фаолиятини босқичма-босқич қисқартирмоқда. Аввал ушбу компания мамлакатимизда 17 та дўкон очишни режалаштирган бўлса, ҳозирда фақат Тошкент шаҳрида жойлашган 3 та дўконгина фаолият юритмоқда. Бу ҳақда EastFruit таҳлилчилари хабар берди.
Кенгайишдан воз кечиш ва муаммоли стратегия
Magnum 2021 йил декабрь ойида Тошкентда иккита гипермаркет очиб, Ўзбекистон бозорига кирган. 2023 йил августда эса компания Carrefour тармоғини бошқарган Majid Al Futtaim LLC Uzbekistan бизнесини сотиб олган ва шу орқали дўконлар сонини еттига етказган. Режага кўра, 2024 йилда яна 10 та савдо нуқтаси ишга туширилиши керак эди.
Бироқ 2024 йил бошидан бу режалар амалга ошмай қолди. 2024 йил февралда Magnum Қоратош савдо нуқтаси ёпилди. 2025 йил май ойида Magnum Юнусобод ва Magnum Atlas Chilonzor дўконлари бошқа манзилга кўчирилгани айтиб ўтилган бўлса-да, амалда улар фаолиятини тўхтатган.
2025 йил 16 июнь куни эса Magnum Самарқанд Дарвоза дўкони ёпилгани ҳақида маълумот тарқалди.
Ассортимент қисқариши ва расмий баёнот йўқлиги
Ҳозирда мавжуд дўконларда товар турлари кескин қисқараётгани кузатилмоқда. Бу ҳолат одатда савдо нуқтасининг ёпилиши олдидан сўнгги босқич сифатида баҳоланади. Шунга қарамай, компания ҳозирча бу масала бўйича ҳеч қандай расмий баёнот бергани йўқ.
Сабаблар нимада?
EastFruit таҳлилчиларига кўра, Magnum ўз вақтида Carrefour томонидан йўл қўйилган хатолардан тўлиқ хулоса чиқармаган. Бу эса дўконларни самарали чакана савдо бизнесига айлантиришда жиддий муаммолар келтириб чиқарган.
2025 йил 17 июнь ҳолатига кўра, Magnum тармоғи Ўзбекистонда фақат Тошкент шаҳридаги учта савдо нуқтаси орқали фаолият юритмоқда. Бу вақтинчалик оптимизация, стратегия ўзгариши ёки компаниянинг бутунлай бозордан чиқиши эканлиги ҳозирча номаълум.