2026 йилгача Volkswagen автомобиллари ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. “Ўзавтосаноат” ва Volkswagen AG ўртасидаги ҳамкорлик шартномасига кўра, бу жараён босқичма-босқич амалга оширилади.
Volkswagen AG ҳамда “Ўзавтосаноат” таркибидаги Alyans Auto компанияси ўртасида Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича ҳамкорлик битими имзоланди. Биринчи босқичда лицензияланган йирик узелли йиғиш (SKD) ташкил этилади. Кейинчалик, чуқур локализацияга асосланган тўлиқ йиғиш (CKD) ҳамда янги моделлар – седанлар ва катта сиғимли йўлтанламаслар ишлаб чиқаришга ўтилади.
Янги лойиҳа қандай амалга оширилади?
Volkswagen автомобилларини Alyans Auto платформасида серияли ишлаб чиқариш 2025 йилнинг тўртинчи чорагида ёки 2026 йил бошида бошланиши режалаштирилган. Лойиҳа доирасида:
Европача сифат стандартлари жорий этилади;
Техник-иқтисодий асосланган ҳолда маҳаллийлаштириш даражаси оширилади;
Ўзбекистонда хизмат кўрсатиш инфратузилмаси яратилади;
Замонавий технологиялар жалб этилади.
Компаниялар ишлаб чиқариш ҳажмини бозор эҳтиёжларига қараб белгилашини маълум қилди. Яъни, қатъий чекловлар ўрнатилмайди.
Компонентлар қаердан келтирилади?
Volkswagen вакили маълум қилишича, жорий лойиҳа доирасида компонентлар Хитойдан етказиб берилади. Немис компаниясининг маҳсулотлари орасида саккизта турдаги замонавий седан ва катта сиғимли йўлтанламаслар мавжуд. Моделлар қатори тўлиқ ўлчамли кроссоверларгача кенгайтирилиши кўзда тутилган.
Volkswagen Ўзбекистонга қандай қайтмоқда?
Volkswagen аввал ҳам Ўзбекистонда фаолият юритган. 2020 йилда “Ўзавтосаноат” ва Volkswagen Group Rus ўртасида Жиззах эркин иқтисодий зонасида Jizzakh Auto заводи базасида тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришилган. Ўша йилнинг кузига келиб Skoda Kodiaq ҳамда Volkswagen Caddy моделлари сотувга чиқарилган эди.
Бироқ, 2022 йилда ижтимоий тармоқларда Volkswagen Ўзбекистондаги фаолиятини тўхтатгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу вақтда компания Россиядан ҳам чиқиш жараёнида эди. 2023 йилда Volkswagen Россиядаги активларини “Авилон” автодилерига сотганини эълон қилди.