АҚШ Эрондаги учта ядровий объектга ҳаво зарбалари уюштирди

Улашиш:

2025 йил 22 июнь, Вашингтон.
АҚШ президенти Доналд Трампнинг маълум қилишича, Америка Қўшма Штатлари ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан Эрон Ислом Республикаси ҳудудида жойлашган учта ядровий объект — Фордо, Натанз ва Исфаҳонга нисбатан ҳаво зарбалари амалга оширилди.

Маълумотга кўра, операцияда иштирок этган ҳарбий самолётлар ўз вазифаларини муваффақиятли якунлаб, АҚШ ҳарбий базаларига қайтмоқда. Зарбаларни амалга оширишда юқори аниқликка эга замонавий ўқ-дорилар ва бошқарув технологиялари қўллангани қайд этилмоқда.

“Ўқ-дориларнинг тўлиқ тўплами асосий ҳудуд — Фордо ядровий иншоотига ташланди. Биз Эроннинг учта муҳим объектларига жуда муваффақиятли зарбалар бердик. Америка ҳарбийларини табриклайман — бу дунё миқёсида тарихий лаҳза”, — деди Доналд Трамп Truth Social платформасидаги баёнотида.

Президент Трамп, шунингдек, операция АҚШ, Исроил ва халқаро ҳамжамият учун "тинчликни тиклаш сари қўйилган қатъий қадам" эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мазкур ҳаракатлар орқали Эрон томони урушни тугатиш ва музокараларга қайтиш зарурлигини англаши керак.

Айни пайтда Эрон расмийларидан ушбу ҳодисага нисбатан расмий муносабат билдирилмаган. БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан вазиятни кузатиш ва таҳлил қилиш жараёнлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Фордо, Натанз ва Исфаҳон — Эроннинг асосий ядровий тадқиқот ва бойитиш марказлари ҳисобланади. Ушбу иншоотлар халқаро назоратда бўлиб келаётганига қарамай, улар юзасидан қатор баҳслар ва геосиёсий тортишувлар кузатилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.